Ўзбекистон | 15:44 / 06.12.2024
14731
4 дақиқада ўқилади

БААда яна 9 ўзбекистонлик ушланди. Улар билан 11 кундан буён ҳеч ким кўриша олмаяпти

25 ноябр куни Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда ушланганлардан бирининг яқини Kun.uz'га маълум қилди. Унга кўра, полиция ҳолат бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган, ушлаб турилганлар билан ҳеч ким гаплаша олмаяпти. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан БАА Ташқи ишлар вазирлигига нота юборган ва жавоб кутмоқда.

Фото: Kun.uz

Дубайдаги ижара уйидан олиб кетилган фуқаролардан бирининг акаси Kun.uz'га мурожаат қилди.

“БАА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари Дубайдаги виллани ижарага олиб яшаётган 15-20 нафар атрофидаги Ўзбекистон фуқароларини олиб кетишди. Ҳолат 25 ноябр куни содир бўлган. У ерда ижара турганлар орасида менинг укам ҳам бор эди. Улар кўпчилик бўлиб, биргаликда арзонроқ бўлгани учун битта жойда ижара турган. Қолганлари нима иш қилишини билмайман.

Укамда ишчи виза бор, у Дубай аэропортдаги логистика компаниясида қонуний асосда ишлаб келаётган эди. 25 ноябрдан бери укам билан алоқага чиқа олмадик, ота-онам, ҳаммамиз қаттиқ хавотирланяпмиз”, – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаро.

Мурожаатчига кўра, маҳаллий полиция Ўзбекистон фуқароларининг қўлга олиниши борасида ҳеч кимга, ҳеч қандай изоҳ бермаган. У Дубайдаги Ўзбекистон консулхонасининг Сайфулло исмли ходими билан алоқага чиққан. Консуллик расмийси масалага ойдинлик киритиш мақсадида БАА Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилгани, ҳозирги кунда жавоб кутилаётганини билдирган.

Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Дубайда Ўзбекистон фуқаролари ушланганини тасдиқлади. Муаммони ҳал қилиш устида иш олиб борилмоқда.

“25 ноябрь куни 9 нафар Ўзбекистон фуқароси Дубайда ҳуқуқни мухофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинган. ТИВ ва консуллик бу воқеадан хабардор. Ҳолат юзасидан БАА тегишли идораларига сўров юборганмиз, лекин улардан жавоб келмаяпти. Иш бўйича адвокат ҳам ёлланган”, – деди ТИВ расмийси.

Kun.uz'нинг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, ҳолат БААда исроиллик раввинни ўлдиришда гумонлаб қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари иши билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли юқори.

Исроиллик раввиннинг ўлими ва БААга киритилмаган ўнлаб ўзбеклар

21 ноябр куни БААнинг Ал-Айн амирлигида Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. БАА Ички ишлар вазирлиги жиноятда гумонлаб уч нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Исроил нашрларига кўра, “Моссад” гумондорларни Эрон билан боғлиқ гуруҳга алоқадор деб ҳисобламоқда.

Бу орада, 26 ноябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроил элчиси билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Шундан сўнг, 30 ноябр куни Тошкент–Абу-Даби йўналишида учган Ўзбекистон фуқароларидан 31 нафари – фақат эркаклар – амирликлар ҳудудига киритилмади. Улар Абу-Даби халқаро аэропортида чегарадан ўтказилмаган. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг мутасадди идоралари билан мулоқотда бўлиб, вазият назоратга олинганини маълум қилди. Кейинроқ Абу-Даби халқаро аэропортида қолиб кетган ватандошларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилгани хабар қилинди.

2 декабр куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди. ТИВ ахборотига кўра, томонлар сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларининг БААга киришида кузатилаётган қийинчиликлар бўйича фикр алмашган ҳамда ҳолатни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишиб олган.

Мавзуга оид