Самарқандда СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот олиб борган шахс жиноий жазога тортилди
У пенсияга чиққунча Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида ишлаган. Эркак 2023 йил январ ойида Москва шаҳрига бориб, СССРни қайта тузмоқчи бўлаётган ва бунинг учун тарафдорлар йиғаётган шахслар билан учрашган. Сўнгра ортга қайтиб, Ўзбекистонда СССРни қайта тиклаш билан боғлиқ тарғибот тадбирларини фаол равишда олиб борган.
Самарқанд шаҳрида яшовчи эркак Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланиб, жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Э.Х. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида фаолият олиб бориб, 2011 йил нафақага чиққан. У Ўзбекистон ҳудудида СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот тадбирлари билан фаол тарзда шуғулланиб келган.
Жумладан, Telegram’даги “Узбекская ССР/СССР” гуруҳига аъзо бўлиб, у ерда ўзи томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” тўғрисидаги фикрлар келтирилган материалларни жойлаштирган.
2024 йил 6 март куни “Узбекская ССР/СССР” гуруҳи кўздан кечирилганида Э.Х. томонидан СССРни қайта тиклаш юзасидан кўплаб видео ва аудио материаллар жойлаштирилганлиги аниқланган. Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси хулосасига кўра, Э.Х. томонидан жойлаштирилган материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжудлиги келтирилган.
Судланувчи ўз кўрсатмасида 2021 йил интернет тармоғида СССР фуқароларини рўйхатга олиш тўғрисида Россия фуқароси Олег Туришкиннинг маърузасини эшитиб қолганлигини айтади.
“Унинг гапларига ишониб, тез-тез эшитиб юрадиган бўлдим. Telegram орқали Олег Туришкин билан ўзаро суҳбатлашдим ҳам. Суҳбатимизда у “СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз”, дея сўради. Йўқ дедим. Шунда Олег Туришкин “Сиз ҳақингиздаги маълумотлар бизда бор” дея мени “Гос.реестр СССР” номли гуруҳга қўшиб қўйди. Орадан озроқ вақт ўтиб Олег Туришкин менга “СССР фуқароси” ҳақидаги гувоҳномани почта орқали жўнатиб юборди.
2022 йил YouТubе’да “Просвешения” номли гуруҳга аъзо бўлдим. У ерда гуруҳ аъзолари билан СССРни қайта тузиш бўйича ва СССР давридаги турли мунозарали, тарихий воқеалар тўғрисида гаплашиб турдим. Жараёнда Алексей Иванович исмли блогер билан танишдим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
Ушбу танишувдан сўнг Э.Х. Алексей Ивановичнинг таклифига кўра 2023 йил 3 январ куни самолётда Самарқанддан Москвага борган. 4 январ куни Москва шаҳри Царицина шаҳарчасидаги ресторанлардан бирида Алексей Иванович орқали танишган кишилар – “Генералный ЦК ВКПб”нинг секретари Щипков Юрий Алексеевич ва унинг ёрдамчиси билан кўришиб, гаплашган. Улар СССРни қайта тузмоқчилигини, бунинг учун тарафдорлар йиғаётганлигини, ушбу давлат ҳали қонунан тарқалмаганлигини, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтган.
“Улар менга бу ишларни Ўзбекистонда ошкора қилиб бўлмаслигини, агарда давлат органлари билиб қолса чора кўришини, яширинча тарафдорлар йиғиш кераклигини уқтиришди. Кейин улар мени Самарқанд вилояти бўйича “ВКПб” секретари этиб тайинлашди ҳамда Telegram’да чат орқали гаплашиб туришларини айтишди”, дея кўрсатма берган судланувчи.
Э.Х.га кўра, у шундан сўнг 2023 йил 10 январ куни яшаш манзилига қайтиб келган. 2023 йил 5 март куни Щипков Юрийнинг партияси аъзоси бўлган Александр Юръевич исмли киши томонидан Telegram’даги “Узбекская ССР/СССР” гуруҳига қўшилган. У гуруҳга СССР тўғрисидаги ижтимоий тармоқларда кўрган видео ва матнларни ташлаб турган.
Суд ҳукми билан Э.Х. Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисмида (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, Э.Х.га назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмаслик, алоқа воситалари ва интернетдан фойдаланмаслик каби қўшимча тақиқлар юклатилган.
Мавзуга оид
15:18 / 24.11.2024
Лотереяга ютуққа чиққан «Волга»нинг саргузаштлари – СССРдаги энг шов-шувли ҳодиса тарихи
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024