Ўзбекистон | 11:45 / 14.05.2026
2608
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд 2045 йилгача икки баравар кенгаяди

Самарқанд шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасига кўра, шаҳар ҳудуди ва аҳолиси қарийб икки бараварга ошиши кутилмоқда. Янги режага асосан, Самарқанднинг умумий майдони 11,2 минг гектардан 28,4 минг гектаргача кенгаяди, аҳоли сони эса 1,2 миллион кишига етиши прогноз қилинган.

Ҳукумат қарори лойиҳасида Самарқандни комплекс ривожлантириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ва қурилиш ишларини ягона бош режа асосида амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳужжатга кўра, барча янги қурилишлар мастер-режа ва батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида тасдиқланади.

Бош режада шаҳар ҳудудлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилмоқда. Консервация ҳудудларида маданий мерос ва яшил ҳудудлар муҳофаза қилиниб, янги қурилишларга чеклов қўйилади. Реновация зоналарида эса эски ва талабга жавоб бермайдиган бинолар ўрнига янги мажмуалар қурилишига рухсат берилади.

Лойиҳада транспорт инфратузилмасига ҳам катта эътибор қаратилган. 2045 йилгача Самарқандда қўшимча 837 км янги йўл қуриш, 160 км мавжуд йўлни кенгайтириш ва янги трамвай тармоқларини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 60 фоизгача ошириш мақсад қилинган.

Экология йўналишида ҳам йирик ўзгаришлар режалаштирилган. Бош режа доирасида 11 минг гектар қўшимча яшил майдон ташкил этиш ва шаҳар атрофида 18 минг гектарлик яшил белбоғ барпо этиш кўзда тутилган. Натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудуд ҳажми 5 квадрат метрдан 10 квадрат метргача оширилади.

Шу билан бирга, Самарқанднинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий марказида шаҳар қиёфасига таъсир қилувчи ўзгаришлар халқаро талаблар асосида мувофиқлаштирилиши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид