Жаҳон | 16:10 / 03.06.2026
3888
9 дақиқада ўқилади

Эрон Кувайт ва Баҳрайнни урди, АҚШ ядро қуролини Полшага жойлаштирмоқчи – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди

АҚШ Марказий қўмондонлиги сулҳ вақтида Ҳўрмуздаги Кешм оролига зарбалар бериб, бунинг «Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб амалга оширмоқчи бўлган ҳужумларига жавоб» эканини айтди.

АҚШ ҳарбийлари Ҳўрмуздаги денгиз блокадаси доирасида Эронга қараб сузаётган бўш нефт танкерига зарба бериб, уни ишдан чиқарган видеосини эълон қилди. CENTCOM’га кўра, Ботсвана байроғи остидаги кема экипажи «такрорий огоҳлантиришларга эътибор бермаганидан» кейин кеманинг мотор қисмига «Hellfire» ракетаси отилган.

Эрон эса бунга жавобан ракета ва дронлар ёрдамида АҚШ базалари ва вертолётларига ҳужум қилган. 3 июн куни Кувайт Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Эрон дрон ва ракеталари мамлакат халқаро аэропортининг T1 терминали биносига урилганини маълум қилди. Ҳужум оқибатида жароҳатланганлар бор ва бино жиддий талафот кўрган.

Кувайт Авиация бошқармаси барча рейслар вақтинча тўхтатилганини ва кейинги огоҳлантиришгача самолётлар муқобил аэропортларга йўналтирилишини билдирди.

Шунингдек, Эрондаги муҳофизлар корпуси Баҳрайнда жойлашган АҚШ Бешинчи флоти қароргоҳига ва номи ошкор этилмаган давлатдаги авиабаза ва вертолётларга ҳам ҳужум уюштирган. АҚШ Марказий қўмондонлиги Баҳрайн томон учирилган учта ракета уриб туширилганини маълум қилди.

Муҳофизлар корпуси «Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини бузиш тажовузкор АҚШ ҳарбийлари учун жуда қимматга тушади», деб баёнот берди.

Ушбу сўнгги тўқнашувлар – АҚШ давлат котиби Марко Рубио Конгресс олдида оммавий равишда чиқиш қилган пайтга тўғри келди. Рубио АҚШ музокарачилари бўғозни қайта очиш эвазига Эронга санкцияларни юмшатишни таклиф қилмаганини айтди.

«Ҳозирги вақтда улар билан муҳокама қилинаётган барча нарса шундан иборатки... ҳар қандай санкцияларни бекор қилиш — улар нима сабабдан жорий этилган бўлса, ўша сабаб — уларнинг ядровий дастури эвазига бўлиши керак», деди у.

Охирги ҳужумлар — 3 ойдан буён давом этаётган урушни тугатиш бўйича оташкесим музокаралари фонида юз бермоқда.

Украинада қурбонлар ортмоқда

Россия сешанба куни Украинага берган ёпирилма зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 кишига етди. Яна 130 киши яраланди. Президент Володимир Зеленский Москва яна янги ҳужум бошлаши мумкинлигини айтди.

Бу Киевга бир ойдан камроқ вақт ичида уюштирилган учинчи кучли ҳужум бўлди. Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, ҳужумда Россия – уриб туширилиши қийин бўлган 33 та баллистик ракета ва саккизта «Циркон» гипертовушли ракетасини қўллаган. Бу – уруш давомида бундай ракеталарнинг бир вақтнинг ўзида энг кўп ишлатилишидир.

Ҳужумларда Киевда камида тўққизта кўп қаватли бино, болалар боғчаси, клиника, офислар ва маъмурий бинолар зарар кўрган, 140 000 аҳоли электр таъминотисиз қолган. 40 000 дан ортиқ одам Киев метросига яширинган.

Зеленский ракеталарга қарши туриш учун қурол-яроғ етишмовчилигига дуч келаётганини яна бир бор таъкидлади. «Афсуски, ҳаво мудофаа тизимларимиз учун ҳозирги етказиб бериш даражаси ракеталарнинг салмоқли қисмини уриб тушириш имконини бермаяпти», деди у.

Унинг сўзларига кўра, тун давомида Россия 70 дан ортиқ ракета ва 650 та дронни ишга солган, сешанба куни кун давомида яна 100 та дрон учирган.

Аввалроқ Украина президенти Вашингтонни қўшимча «Патриот» ракета тутувчи тизимларини юборишга чақирган эди.

Украинадаги уруш бўйича АҚШ воситачилигидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, чунки Вашингтон диққатини Эронга қаратган. Шу билан бирга, Россиянинг жанг майдонидаги илгарилаши секинлашган. Киев эса Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларни кучайтирмоқда.

Японияда айиқлар ҳужуми

Сешанба куни Япония шимоли-шарқидаги Фукусима шаҳрида қора айиқнинг ваҳшиёна ҳужуми оқибатида тўрт киши жароҳатланди.

Айиқ дастлаб «Fukushima Steel Works» компаниясининг икки нафар ходимини жароҳатлаган. Шундан сўнг воқеа жойига маҳаллий полиция ва ўт ўчириш бўлими ходимлари сафарбар этилган. Расмийларга компаниядан «ходимларни айиқ тишлагани» ҳақида қўнғироқ бўлган.

Шундан сўнг айиқ бошқа бир корхонада 60 ёшлардаги яна бир эркакка ҳужум қилган. Шунингдек, у ўша маҳаллада яшовчи 80 ёшлардаги аёлга ҳам ташланган.

Жабрланганларнинг фақат бир нафари оғир жароҳат олган. Қолганлари эса енгил тан жароҳатлари билан қутулган.

Айиқ ҳали ушланмаган ва у охирги марта кўриниш берган биноси ичида экани тахмин қилинмоқда. Узун таёқлар билан қуролланган полиция ходимлари компания ҳудудини ўраб олган.

Японияда айиқлар ҳужуми ортиб бормоқда. Атроф-муҳит вазирлигининг маълум қилишича, ўтган йили мамлакатда айиқлар ҳужуми оқибатида рекорд даражада – 13 киши ҳалок бўлган.

Ўтган йили Япониянинг шимолидаги Акита префектураси губернатори аҳолини бу каби ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун ҳатто ҳарбий ёрдам сўрашгача борганди.

Россияда уруш харажатлари ортиб бормоқда

Россиялик йирик тадбиркорлар федерал бюджетга 3 миллиард доллардан кўпроқ (220 млрд рубль) «беғараз тўловлар»ни ўтказди. Бу ҳақда ҳукуматнинг «Электрон бюджет» портали маълумотларига таяниб «Эксперт» нашри хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, бундай «кўнгилли бадаллар»га Россия президенти Владимир Путиннинг 26 март куни олигархлар билан ўтказган ёпиқ учрашуви сабаб бўлган. Унда Путин Украинага қарши урушни давом эттириш ниятида эканини маълум қилган ва бизнес вакилларидан ёрдам талаб қилганди.

Нашр маълумотларига кўра, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков миллиардер Сулейман Каримов «жуда катта миқдорда маблағ» ажратишни таклиф қилганини тасдиқлади. Ушбу ташаббусга бошқа олигархлар ҳам қўшилган.

2026 йилнинг январ-апрел ойларида Россия федерал бюджети тақчиллиги 5,877 триллион рублга етди. Таҳлилчилар йил якунларига кўра Москвада молиявий тақчиллик режалаштирилганидан икки баравар ошиб кетишини прогноз қилмоқда.

Bloombergʼнинг ёзишича, молия вазирлиги ва Марказий банк мулозимлари Путинни уруш харажатлари қабул қилиб бўлмас даражага етаётгани, иқтисодиёт эса қисқара бошлагани ҳақида огоҳлантирган. Улар мудофаа харажатларини қисқартиришни таклиф қилишган. Бироқ Путин мудофаа вазирлигини қўллаб-қувватлаб, ҳарбий соҳадан ташқари ҳар қандай бошқа харажатларни қисқартиришни буюрган.

Йил охиригача олигархлардан кутилаётган 300 миллиард рубллик «эҳсон ва бадаллар» эса бюджет тақчиллигининг атиги 10-15 фоизини ёпади. Аммо бунинг охири жуда ёмон иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин.

АҚШ ядро қуролини Болтиқбўйига олиб келиши мумкин

АҚШ НАТОнинг яна бир қатор мамлакатларида ядро қуролини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Шу орқали у иттифоқчиларини Европадаги хавфсизлик кафолатларини заифлаштирмаслигига ишонтиришга уринади.

Financial Times'нинг ёзишича, НАТО шарқий қанотидаги давлатлар, жумладан, Полша ва Болтиқбўйи мамлакатлари, ядровий зарбалар беришга қодир бўлган Американинг икки мақсадли самолётларини жойлаштиришга қизиқиш билдирмоқда.

Полша расмийлари ўз ҳудудларида ядро қуролини қабул қилиш истагини олдин ҳам очиқчасига баён этган. Жорий йилда Варшава Франция ядровий салоҳиятининг бир қисмини Европадаги иттифоқчиларда вақтинча жойлаштириш ташаббусига ҳам қўшилганди.

Манбаларга кўра, чегаралари Россияга энг яқин бўлган иттифоқчилар ядровий қуролларга энг катта қизиқишни кўрсатмоқда. Россиянинг Украинага бостириб кириши ва президент Путиннинг баёнотлари бу қизиқишни янада кучайтирган.

Ҳозирги вақтда НАТОнинг ядро қуролидан биргаликда фойдаланиш дастурида — Белгия, Германия, Италия, Нидерландия, Туркия ва Буюк Британия иштирок этмоқда. Улар Американинг самолётларини ва олдинги позицияларга жойлаштирилган ядровий бомбаларни қабул қилади. Қуроллар АҚШ ҳарбийлари қўриқлови остида бўлиб, уларни қўллаш ҳуқуқи мутлақо Вашингтонда қолади.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид