Жаҳон | 09:10 / 22.12.2025
2808
3 дақиқада ўқилади

Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 19 та янги посёлкани маъқуллади

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яҳудийлар посёлкаларини кенгайтириш Фаластин давлатини тузишнинг олдини олиши керак, деди Исроилнинг ўта ўнг қарашли молия вазири Бецалел Смотрич.

Фото: Menahem Kahana/AFP/Getty Images

Исроил ҳукумати Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида яна 19 та яҳудийлар посёлкасини қуришни маъқуллади. Бу ҳақда якшанба куни, 21 декабрда, Исроил молия вазири, ўта ўнг қарашли “Диний сионизм” партияси раҳбари Бецалел Смотричнинг идораси хабар берди.

Мазкур ташаббус муаллифлари — Смотричнинг ўзи ва Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац. Шу тариқа, халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда Ғарбий соҳилда барпо этилган яҳудийлар посёлкалари сони 69 тага етиши керак. AFP изоҳлашича, маъқулланган 19 посёлканинг 5 таси аллақачон мавжуд, аммо ҳозиргача Исроил қонунлари бўйича расман тан олинмаган. Яна икки посёлка эса икки ўн йил аввал бузиб ташланган, энди эса қайтадан тикланган.

Бецалел Смотричнинг айтишича, бундай қадам Фаластин давлатини тузишнинг олдини олиши керак, чунки Исроил бундай истиқболни ўз хавфсизлигига таҳдид деб баҳолайди.

Фаластин давлатчилигини тан олиш тарафдори бўлган мамлакатлар сони дунёда ошиб бормоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц декабр бошида Исроилга ташрифи чоғида ҳам шундай режани маъқуллашини айтган. Бироқ у Германия бугуннинг ўзида бундай давлатни тан олишга тайёр эмаслигини қайд этган.

Исроил 1967 йилдаги Олти кунлик уруш пайтида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили устидан назорат ўрнатган. Халқаро ҳуқуққа кўра, ушбу Фаластин ҳудудларида яҳудийлар посёлкаларини қуриш ноқонуний ҳисобланади.

Жаҳон ҳамжамиятининг эътирозларига қарамай, Исроил сўнгги ўн йилликларда Ғарбий соҳилда ўнлаб посёлкалар қурди. У ерда тахминан 500 минг яҳудий истиқомат қилади. Ҳудуддаги Фаластин аҳолиси сони эса қарийб 3 миллион нафарни ташкил этади.

БМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг январидан декабригача Исроил Ғарбий соҳилда 47 390 та уй-жойни қуриш бўйича лойиҳалаштирган, маъқуллаган ёки тендер эълон қилган. Таққослаш учун: 2017–2022 йиллар оралиғида бу ҳудудда яҳудийлар посёлкалари йилига ўртача 12 815 та уй-жойга кенгайиб борган.

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескинлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШда террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроилга оммавий ракета зарбаларини берди, унинг ҳудудига бостириб кирди ва тахминан 1200 кишини ўлдирди. Шунингдек, улар 250 дан ортиқ гаровга олинганларни қўлга киритиб, Ғазо секторига олиб кетди. Гаровдагиларнинг бир қисми алмаштирилган ёки озод қилинган, бир қисми эса ҳалок бўлган.

Жавоб тариқасида Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти ва бомбардимонлар натижасида 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 145 мингдан зиёди яраланган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид