Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада 16 март, душанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда Ливандаги зўравонликлар кучайиб бораётганидан жиддий хавотир билдириб, ушбу мамлакат ва Исроил вакилларини можарони ҳал этишга қаратилган музокараларда иштирок этишга чақирди.
«Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга қарши ҳужумлари ва тинч аҳолига қилинган тажовузлар тўхтатилиши керак, шунингдек, улар (“Ҳизбуллоҳ” — таҳр.) қуролсизлантирилиши лозим», — дейилади ушбу ҳужжатда. «Биз “Ҳизбуллоҳ”нинг Эрон томонида ҳарбий ҳаракатларга қўшилиш қарорини қоралаймиз, чунки бу қарор минтақада тинчлик ва хавфсизликни янада хавф остига қўймоқда».
Баёнотни имзолаган давлатлар тинч аҳоли, фуқаролик инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ва тиббий инфратузилмага, шунингдек, Ливандаги БМТ Муваққат кучларига қарши қаратилган ҳужумларни қоралади. «Бу ҳаракатлар қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир ва биз барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳаракат қилишга чақирамиз», — деб таъкидланади баёнотда.
Шу билан бирга, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада Исроилнинг Ливандаги кенг кўламли қуруқлик ҳужуми «вайронкор ҳуманитар оқибатларга олиб келиши ва узоққа чўзилувчи можарони келтириб чиқариши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирди. «Бунинг олдини олиш керак. Ливандаги ҳуманитар вазият, жумладан, аҳолининг оммавий кўчиши давом этаётгани аллақачон чуқур ташвиш уйғотмоқда», — дейилади ҳужжатда.
Муаллифларнинг таъкидлашича, улар Ливан ҳукуматининг «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш, ушбу ҳаракатнинг ҳарбий фаолиятини тақиқлаш ва у олиб бораётган жанговар ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. «Биз ўз иродасига қарши равишда можарога тортилган Ливан ҳукумати ва халқи билан бирдаммиз», — дея баёнот берган Берлин, Лондон, Париж, Рим ва Оттава.
Шу куни, 16 мартда, Германия канцлери Фридрих Мерц Берлиндаги матбуот анжуманида Исроилнинг Ливандаги қуруқлик операциясини хато деб атади. Унинг огоҳлантиришича, бундай ҳужум «аллақачон ўта таранг бўлиб турган ҳуманитар вазият ва миграция билан боғлиқ ҳолатни янада оғирлаштиради».
Мерцнинг сўзларига кўра, Германия Эрон қўллаб-қувватлаётган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг феврал ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма зарбаларидан кейин Исроилга ҳужумларни қайта бошлаганини «қатъий қоралайди». У Ливандаги ҳаракат жангчиларидан ҳужумларни зудлик билан тўхтатиш ва қуролни ташлашни талаб қилди.

















