Спорт | 23:11 / 03.10.2025
6466
1 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 чипталари рекорд даражада қиммат бўлади

“Метлайф-стэдиум”да ўтказиладиган финал баҳси учун энг қиммат чипта 6730, энг арзони эса 2030 доллардан сотилади.

Фото: Getty images

Футбол бўйича ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионати тарихдаги энг қиммат чемпионат бўлади, деб ёзади The Athletic.

Хабар қилинишича, АҚШда ўтказиладиган гуруҳ босқичи ўйинлари учун 3-тоифадаги чипталарнинг минимал нархи 140 доллар, Лос-Анжелес, Сан-Франциско ва Ню-Жерси ареналаридаги энг яхши жойлар учун эса 620 долларни ташкил этади.

Чоракфинал чипталари 275 - 1690 доллар, яримфинал учун 420 - 2780 доллар, 3-ўрин учун баҳсга чипталар 165 - 1000 доллар бўлиши айтилмоқда.

Финал баҳси чипталари эса рекорд даражада қиммат бўлади. “Метлайф-стэдиум”да ўтказиладиган финалга 1-тоифадаги чипталар 6730, 2-тоифадаги чипталар 4210, 3-тоифадаги чипталар 2790 ва 4-тоифадаги чипталар 2030 доллардан сотилади.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати илк бор бирданига уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Унда 48 мамлакат миллий жамоалари иштирок этади. Чемпионат 11 июнда бошланади ва 19 июлгача давом этади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид