Спорт | 18:46
1287
2 дақиқада ўқилади

Суперлига клубларига марказлашган тарзда 35 миллиард сўмдан ажратилиши кутилмоқда

Йил бошида «Бунёдкор», «Насаф», «Бухоро» ва бошқа бир қанча клублар давлат компаниялари ҳомийлигидан ажралган эди. Энди Суперлига клублари марказлашган тарзда молиялаштирилиши мумкин.

Фото: PFL

2026 йилги футбол мавсумидан бошлаб, Суперлига клублари марказлаштирилган тарзда молиялаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълумот берди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА), Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва Спорт вазирлиги томонидан профессионал футбол клубларининг молиялаштирилишини такомиллаштириш борасида лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2026 йилда Суперлига клубларига давлат томонидан бир хил – 35 миллиард сўмдан йиллик сметаси тасдиқланиши белгиланган. Шунингдек, хусусий компания ва ҳомийларга профессионал футбол клубларига ҳомийлик қилиш бўйича имтиёз берилиши кутилмоқда. Ҳозирча ушбу тизим механизми ва қарорнинг қачон қабул қилиниши номаълум.

Аввалроқ, бир қатор йирик давлат компаниялари футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатган эди. Масалан, «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси йил бошида «Бунёдкор», «Насаф» ва «Бухоро» клубларига ҳомийлик қилишдан воз кечди. Шунингдек, бир қатор бошқа клублар ҳам давлат компаниялари ҳомийлигидан ажралди. Оқибатда, «Бунёдкор», «Динамо» ва «Сурхон» каби клубларда молиявий муаммолар кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Футбол клубларини марказлашган тарзда молиялаштириш механизми дунё футболида бор гап. Масалан, Саудия Арабистони профессионал лигасида футбол клубларини бошқариш ва молиялаштириш қисман марказлашган тарзда амалга оширилади. 2023 йилда спорт ислоҳотлари доирасида Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) тўртта етакчи клуб - «Ал-Наср», «Ал-Ҳилол», «Ал-Аҳлий» ва «Ал-Иттиҳод» назорат улушларини (тахминан 75%) қўлга киритди. Параллел равишда, лиганинг бошқа жамоалари йирик давлат ва ярим давлат компанияларига (масалан, нефть-газ, транспорт ва саноат) бириктирилди, бу эса кўпчилик клублар давлат билан боғлиқ тузилмалардан маблағ оладиган тизимни шакллантирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид