Жамият | 13:40 / 31.12.2017
19252
2 дақиқада ўқилади

Божхонада бели ва оёқларига пиротехника воситаларини боғлаб олган шахс қўлга тушди

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Бўка туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Дилафрўз Холматова муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 6 турдаги 1840 дона пиротехника воситасини яширинча пуллаётган вақтида фош қилинди. Ундан олиб қўйилган пиротхеника воситаларининг оғирлиги 5,6 кг., қиймати эса  2 млн. 55 минг сўмни ташкил қилар экан.

Шунингдек, Оққўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда байрам баҳонасида мўмай пул орттиришни истаган сохта тадбиркор Саъди Киеёвнинг қинғир қилмишлари ҳам фош этилди.

У ижара асосида фойдаланиб келаётган савдо дўконида 9 турдаги 1422 дона пиротехника воситасининг яширинча савдосини ташкил қилган экан.

Тезкор тадбир давомида пештахта остидаги қутиларда қиймати 3 млн. 72 минг сўмлик салкам 5.5 кг. пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган Виктор Матвейчук эса пиротехника воситаларининг яширинча олиб кириш учун ҳаттоки ўз ҳаётини хавфга қўйди.

Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш учун ушбу шахс 2 турдаги 43 дона салютларни бели ва оёқларига боғлаб, олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Бундан ташқари, қўл юклари орасида ҳам Виктор Матвейчук 72 дона пиротехника воситасини олиб кирмоқчи бўлган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид