Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФНҚИЗ бензин ишлаб чиқаришни икки баробарга оширмоқда
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 11 декабрдан бошлаб АИ-80 ва АИ-92 бензинларининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга – кунига 1000 тоннагача оширади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
“Автомобил двигателлари юқори сифатли ва совуққа чидамли ёнилғи талаб қиладиган палла – қиш мавсумида ёнилғига тобора ортиб бораётган талабга жавобан ана шундай стратегик қарор қабул қилинди. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши ёнилғи бозорида барқарор таклифни таъминлаб, заводга қиш мавсумида истеъмолчилар талабини самарали қондириш имконини беради”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Saneg компанияси бош директорининг нефтни қайта ишлаш бўйича ўринбосари Ҳабиб Латиповга кўра, бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши – заводда амалга оширилаётган модернизация доирасидаги янги технологик ечимлар самараси бўлиб, аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлашга қаратилган.
“Бугунги кунда завод технологик жараёнларнинг янги босқичига чиқмоқда, ускуналарнинг оптимал иш параметрларини белгиламоқда. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳам эркин бозор нархини шакллантиришга хизмат қилади”, – деган Латипов.
Аввалроқ, ноябр ойининг бошида “Ўзбекнефтгаз” ва бошқа бир қатор хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95 маркали бензин тақчиллиги юзага келганди. 3 ноябр куни Москвада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия энергетика масъуллари нефт етказиб бериш масаласида шартнома имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон Россиядан нефт хомашёси импортини 2024 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тоннага етказади. Таққослаш учун, Ўзбекистон 2023 йилда Россия билан бундан 3 баробар кам – 300 минг тонна нефт харид қилиш бўйича келишув тузганди.