18:29 / 05.05.2016
18552

Туркия бош вазири Довудўғли ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди

Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли  ўз лавозимидан ва Адолат ва тараққиёт партияси раҳбарлигидан кетиши ҳақида расман эълон қилган.

Давутўғли 22 май куни бўлиб ўтадиган партиянинг навбатдан ташқари қурултойида партия раҳбарлиги учун ўз номзоди билан иштирок этмаслигини маълум қилган. Бу қарорга у партия бошқарувидаги нуфузли аъзолар билан муҳокамалардан кейин келган.

Давутўғлининг айтишича, шу йўл билан партиянинг бирдамлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш мумкин. Унинг қайд этишича, у оғир даврда ўтказган ўз фаолиятидан мамнун ва ўзини керакли ишларни бажарган ҳисоблайди.

Аҳмад Довудўғли 2014 йилда Туркия бош вазири лавозимини эгаллаганди. Уни Ражаб Тойиб Эрдўған ўзининг ўрнига партия раҳбарлигида қолдирганди. Сўнгги вақтларда Эрдўған ва Довутўғли ўртасида курдлар муаммоси ҳамда ҳукуматни танқид қилувчиларни таъқиб қилиш масалалари борасида зиддиятлар юзага келган. Шунингдек, сиёсатчилар миграция муаммоси масаласида қарама-қарши фикрларда бўлиб келишмоқда.

Қолаверса, Довудўғли Эрдўғаннинг президент ваколатини кенгайтириш, бош вазирнинг даражасини камайтириш ва парламент тизимини ислоҳ қилиш бўйича қарорларига қарши чиққан.

Шу туфайли кейинги вақтларда Туркия матбуотида Довудўғлининг бошқа одамга алмаштирилиши ҳақида хабарлар тарқатилганди. Янги бош вазир номи Туркия ҳукмрон партиясининг 22 май куни ўтказиладиган навбатдан ташқари қурултойи вақтида маълум қилиниши кутилмоқда.

Top