14:03 / 27.06.2016
30783

Олий ҳарбий божхона институти битирувчиларга дипломлар топширилди

Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида ушбу таълим даргоҳини жорий йилда тугаллаётган битирувчиларга дипломлар топшириш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти, божхона фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар. 

2003 йил 22 майда айнан божхона органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида, президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Солиқ ва божхона академиясининг  “Божхона иши” факультети ҳамда ДБҚ Божхона коллежи негизида – Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти  ташкил этилди. 
  

Мазкур олий ўқув юртининг барпо этилиши мамлакатнинг юқори малакали олий маълумотли божхона кадрларини мақсадли базавий тайёрлаш тизимида муҳим бўғин бўлди. Бугунги кунда Институтда 2 та факультет ва уларнинг таркибида 11 та кафедра ҳамда мустақил бўлим ва бўлинмалар фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Шу билан бирга, тингловчиларга божхона органлари фаолиятига жорий этилган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимлари (ЯААТ), Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан қабул қилинган “Халқаро савдони eнгиллаштиришнинг хавфсизлик стандартлари”, хавфни баҳолаш ва бошқариш тизими, радиацион портал мониторлардан фойдаланиш ва бошқа бир қатор долзарб йўналишлар бўйича қўшимча махсус курслар ўтказилди.
 
Малакали профессор-ўқитувчилар ва инструкторлар кўмагида тингловчилар автомобиль бошқариш сир-асрорларини пухта ўрганиб, “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлдилар. 

Институтда ўқ отар қуроллардан отиш учун мўлжалланган тир мавжуд бўлиб, унда тўппончадан амалий отиш машғулотлари олиб борилади. Замонавий «КОРУНД» электрон отиш мосламаси эса тингловчиларнинг ўқотар қуроллардан отиш бўйича маҳоратини янада оширишга кўмак беради.

 “Божхона иши” ва “Божхона ҳуқуқи” мутахасисликлари бўйича  институтда таҳсил олган бу йилги битирувчилар институтдан шарафли ва маъсулиятли хизмат фаолиятига учирма қилинаётган ўнинчи қалдирғочлардир.

Битирувчиларни кузатиш маросими бир гуруҳ санъаткорлар иштирокидаги тантанали байрам дастурига уланиб кетди.

Top