Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Time: НАТОнинг Варшава саммити «совуқ уруш»дан кейинги энг муҳимидир
8 июль куни Польша пойтахти Варшавада бошланадиган НАТО саммити, альянснинг «совуқ уруш» давридан кейинги энг аҳамиятли анжуманидир, деб ёзмоқда Time журнали.
Саммит кун тартибидан кўплаб мураккаб масалалар ўрин олган: Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши, Россия билан муносабат, муҳожирлик инқирози, ИШИДга қарши кураш шулар жумласидан.
ЕИ ва НАТО воситасида мустаҳкамланган Умумий Европа лойиҳаси «Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг йирик ғоя бўлган эди: агар европаликлар ҳамкорлик қилса, бир-бирини ўлдирмаслиги тахмин қилинганди», — дейди АҚШнинг НАТО Кенгашидаги собиқ доимий вакили Иво Даалдер.
Brexit эса, асосий ҳамкорлардан бири лойиҳадан чиқишга қарор қилганига оид биринчи ҳолат бўлди.
«Агар шундай давом этадиган бўлса, Европа сиёсатида миллий манфаатлар умумий манфаатлардан устун кела бошлайди. Ва бунинг оқибати нима билан тугашини иккита Жаҳон уруши тарихини ўрганиб англаш мумкин», — деб ҳисобламоқда Даалдер.
Аммо, Brexitсиз ҳам НАТО Россия билан чегараларда учинчи Жаҳон уруши хавфи ортаётганини муҳокама қилиши лозим эди, деб давом этади Time. RAND Corporation тадқиқотларига кўра, Россиянинг Болтиқбўйига бостириб киришининг олдини олиш учун эълон қилинган 4та батальон эмас, балки 7та бригада керак бўлади.
Бундан ташқари, Россиянинг яядровий арсеналини ҳам унутмаслик керак. Бу борада бир неча минг ҳарбийларни жойлаштириш ёрдам бермаслиги аниқ. Муаллифнинг фикрича, Оқ уй маъмурияти бу нарсани англаган шекилли, Москва билан мулоқотни қайта тиклашга уринмоқчи. Бироқ, ҳозирча у президент Обама муддати поёнига етгунча бошланадими-йўқми, номаълумлигича қолмоқда.
Нима бўлганда ҳам, Россия чегаралари яқинида қўшинларнинг жойлаштирилиши, сиёсий мулоқотни тезлаштирмаслиги аниқ. Аксинча, Россия жавоб чораларига кўл уради, бу билан Европа ўзини хавфсиз ҳис қилмаса керак, дея хулоса қилади нашр.
Мавзуга оид
09:32
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
12:13 / 19.06.2026
Москвага уруш давридаги энг йирик ҳужум – суратлар
08:28 / 19.06.2026