18:00 / 26.07.2016
7952

3D-фильмларни кўзойнаксиз кўриш имконини берувчи технология ишлаб чиқилди

Массачусетс технология институти қошидаги Компьютер фанлари ва сунъий интеллект лабораторияси (CSAIL) олимлари, кинотеатрлардаги 3D-фильмларни стереоскопик кўзойнаксиз томоша қилиш имконини берадиган технология ишлаб чиқишди. Cinema 3D деб номланаётган тизим, кенг ҳажмли тасвирни ҳар бир курсида ўтирган томошабинга алоҳида "йўналтиради" ва шу билан тасвирни янада аниқроқ бўлишини таъминлайди. 

Бироқ, MIT професори Войцех Матусикнинг айтишича, "ҳозирги мавжуд технологик ечимлар воситасида 3D фильмларни 'кўзойнаксиз' кўриш учун, уларнинг экран тасвир ўлчами жуда ҳам катта бўлиши керак. Шунга кўра, улардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас. Янги технология эса, йирик ўлчамдаги 3D фильмларни оддий кўз билан кўриш имконини беради".

MITда маълум қилишларича, кўзойнак талаб этилмайдиган 3D-телевизорлар параллакс тўсиқ технологиясини қўллайди. Бунда томошабин экранга ўрнатилган ёриқли тўсиқлар сабаб, чап кўзи билан баъзи пикселларни кўрса, ўнг кўзида бошқа пикселларни кўра олади. Тўсиқли параллакснинг асосий камчилиги шундан иборатки, томошабин аниқ бир жойда телевизор қаршисининг марказида ўтириши керак бўлади. Ўшандагина, у оддий кўз билан 3D-самарасини сеза олади. 

CSAIL ушбу технологияни катта экранларга мослаштириб, томоша залидаги ҳар бир ўриндиқ учун алоҳида параллакс тўсиқ барпо этишни таклиф этмоқда. Шу билан Cinema 3D технологияси кинотеатрга ташриф буюрган кишига, кўриш бурчаги ва ўтирган жойидан қатъий назар бир хил тасвирни кўришига имконият яратади. 

Бироқ, ҳозирча буларни амалиётга татбиқ қилиш учун анча бор. MIT тадқиқотчилари ихтиёрида Cinema 3D нинг ишчи прототипи бор холос, унинг ҳажми эса iPad ўлчамига мос келади.

Top