Ўзбекистон | 18:14
969
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пластик йўллар технологияси жорий этилади

Янги технология асфалт-бетон қоришмаси таркибига қайта ишланмайдиган пластмасса чиқиндиларининг айрим турларини қўшишга асосланган. Бу – йўл қопламасининг мустаҳкамлиги ва хизмат муддатини ошириши айтилмоқда.

Ўзбекистонда қайта ишланган пластикдан фойдаланган ҳолда йўл қуриш технологияси жорий этилади.

Янги технология асфалт-бетон қоришмаси таркибига қайта ишланмайдиган пластмасса чиқиндиларининг айрим турларини қўшишга асосланган. Мутахассислар фикрича, бу чиқиндилар ҳажмини қисқартириш билан бирга, йўл қопламасининг мустаҳкамлиги ва хизмат муддатини ошириш имконини беради.

Қайта ишланган пластмасса қоришманинг муҳим таркибий қисми сифатида қўлланилиши натижасида қоплама ташқи таъсирларга нисбатан чидамлироқ бўлади. Дастлабки синовлар янги материалнинг анъанавий асфалтга нисбатан бир қатор техник кўрсаткичлар бўйича устунликка эга эканини кўрсатди.

Ишлаб чиқувчилар маълумотига кўра, янги қопламанинг мустаҳкамлиги одатий асфалтга нисбатан 2–3 баробар юқори экани қайд этилган. Шунингдек, унинг сув сингдириш даражаси ҳам сезиларли даражада камайган.

Муаллифларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар янги материалнинг узоқ муддатли хизмат қилишини ва емирилишга юқори даражада бардошли эканини тасдиқлайди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид