16:01 / 18.08.2016
9772

Хорватия ўз оролларини сотмоқда

Хорватия сўнгги 14 йил мобайнида Адриатика денгизидаги 5та оролини сотиб юборди, деб хабар қилмоқда Сербиянинг Tanjug агентлиги.

"Ўн йиллар муқаддам, Хорватиянинг орол ва митти оролчаларини сотиши шармандали воқеа ва фожиа деб баҳоланар эди", - деб ёзади нашр. Гарчи ушбу табиий бойликларни тез орада хорижлик миллиардерлар харид қилиб олиши борасида хавотирлар бўлганига қарамай, "натижалар унчалик ҳам ҳайратланарли ва жиддий эмас – 14 йил ичида атиги 5та орол сотилган", - деб қўшимча қилади агентлик. 

Уларнинг орасида биринчилардан бўлиб, 2002-йили Смоквица ороли 9 млн кун (Хорватия миллий валютаси номи) ёки 1,1 млн еврога сотилган эди. 

"2000-йили Фрашкер ва Фрашкерич оролларини россиялик магнат Владимир Евтушенков фирмаси сотиб олганди. 2005-йилда Яклян оролчаси 6 млн евро эвазига Горан Штрокка сотилганди. Меҳмонхоналардан бирини хусусийлаштириш чоғида, сармоядорлардан бири Ҳаёт оролига эгалик ҳуқуқини ҳам харид қилганди", - деб ёдга олади Сербия агентлиги. 

Маълумотларга кўра, Адриатика денгизининг Хорватияга тегишли ҳудудида 1244 орол ва митти оролчалар бўлиб, уларнинг атиги 65таси ўзлаштирилган ва уларда одамлар яшайди. Шу билан бирга, оролларнинг 85 фоизи давлатга қарашли ва уларни сотиш режалаштирилмаган. 

Бундан ташқари, оролни сотмоқчи бўлган хусусий шахс, 2006-йили қабул қилинган олди-сотди қонунига киритилган тузатишларга мувофиқ, дастлаб уни маҳаллий ҳокимият, вилоят ва ёки давлат ҳокимиятига тавсия қилиши лозим. Агар, давлат томонидан икки ой муддат ичида қизиқиш билдирилмаса, шундан сўнггина хусусий мулк сифатида сотилиши мумкин бўлади. 

Top