Иқтисодиёт | 13:43 / 24.08.2016
5833
2 дақиқада ўқилади

McDonald's терига салбий таъсир этувчи ўн миллионлаб браслетларини қайтариб олади

Американинг McDonald's тамаддихоналари тармоғи 30 млндан ортиқ резина браслетларини савдодан қайтариб олишини эълон қилди. Улар, Happy Meals таом тўплами харид қилинганида болага ҳадя сифатида бепул тақдим этилар эди. 

Хабарларга кўра, улар терини жароҳатлаши ва ҳатто куйдириши мумкинлиги сабабли, шундай қарорга келинган. АҚШда шу каби браслетлардан 29 млн дона ҳадя қилинган бўлса, Канадада 3,6 млн дона қўл тақинчоғи тарқатилган.

"Зудлик билан фарзандингиздаги Step-It Fitness браслетини олиб, уни яқин орадаги McDonald's ресторанига олиб келинг ва ўйинчоқ, йогурт ёки олма қоқилари солинган пакетчага алмаштиринг", - деб огоҳлантирган компания. 

Маълум бўлишича, браслетни тақиб юриш оқибати борасида 70дан ортиқ арз келиб тушган. Уларнинг барчаси Хитойда беш хил тусда тайёрланган бўлиб, болаларнинг жисмоний фаолиятини кузатишга мўлжалланган. Чақириб олинаётган партия 9-17 август кунлари тайёрланган.

Компанияга кўра, ҳозирда ушбу маҳсулотлар барча ресторанлардан зудлик билан қайтариб олинмоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид