Ўзбекистон | 19:15 / 24.08.2016
15283
2 дақиқада ўқилади

Собиқ ТТЗ заводи қошида қўшма корхона ташкил этилади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2016-йил 5-августида қабул қилган қарорига мувофиқ, «Тошкент қишлоҳ хўжалиги техникаси заводи» (собиқ ТТЗ) Германиянинг CLAAS концерни билан қўшма корхона ташкил этилувчи 15та заводдан иборат рўйхатга киритилган. 

Маълум бўлишича, Ўзбекистон томони ва CLAAS компанияси йирик қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводига 50 млн доллар атрофида сармоя киритишни режалаштирган, деб хабар қилмоқда Nuz.uz сайти расмий манбаларига таянган ҳолда. 

Режага мувофиқ, корхона қувватларини модернизация қилиш бир неча босқичда амалга оширилади ва 2019-йилда якунланади. 

Унинг 2016-2017 йилларга мўлжалланган биринчи босқичида локализацияни чуқурлаштириш ва немис компанияси техникалари учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ишлари амалга оширилади. 

Иккинчи босқич 2018-2019 йилларда амалга оширилиб, қуйиш цехини технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, деталларни иссиқ ҳолда штамплаш, узатмалар қутиси эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда двигателларни йиғиш йўлга қўйилади.

Заводнинг 219 дона эскирган ускуналарини 4,6 млрд сўмга очиқ савдоларда сотиш режалаштирилган. Мабодо, улар 2 ой мобайнида сотилмаса, утилизация қилинади. 


 

Мавзуга оид