12:04 / 26.08.2016
9788

Ўзбекистон ТИВда Қирғизистон элчиси билан учрашув ўтказилди

2016 йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Қирғизистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Данияр Сидиков билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

"Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг айрим масалалари муҳокама қилинди", — дейилади хабар матнида.

Эслатиб ўтамиз, 22 август куни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтган қирғизистонликлар қўлга олинганди.

Спутник агентлиги маълумотига кўра, Наманган вилояти ИИБ ходимлари 22 август куни вилоятнинг Чортоқ туманида жойлашган Унгор-Тепа тепалигида паспорт режими текширувини ўтказган. Текширув жараёнида Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний равишда бўлган Қирғизистон фуқаролари, Қирғизистон радио-реле станцияси ходимлари А.Урманов, Ж.Ташматов, У.Ералиев ва Н.Усупбаев қўлга олинган. Қонунбузарлар маҳаллий милиция бўлимига олиб келинган, уларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ чора кўрилган.

ИИВ томонидан таъкидланишича, илгари эришилган икки томонлама келишувларга қарамасдан, Қирғизистон ҳуқуқ тартибот органлари беш ойдан ортиқ вақт давомида Наманган вилояти Косонсой тумани Ўрта-Тўқай аҳоли масканига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур маҳсулотларни ўтказмасдан маскан аҳолисини қамалда ушлаб турган.

Бундан ташқари, Косонсой сув омборини қўриқлаш бўйича ўз хизмат вазифасини бажараётган Косонсой туман ички ишлар бўлими ходими Қирғизистон куч тизимлари томонидан ноқонуний қўлга олинган ва ушбу мамлакат ҳудудида ўн кундан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган.

Top