Спорт | 16:25 / 16.09.2016
26909
4 дақиқада ўқилади

Автоҳалокатларда бир ўлимдан қолган футболчилар

Яқинда, Кристал Пэлас жамоаси ҳимоячиси Папе Суаре автоҳалокатга учраган футболчилар рўйхатини тўлдирди. Яхшиямки, ўйинчининг ҳаёти хавф остида эмас. Аммо, унинг Мерседеси хусусида бундай деб бўлмайди…

Айтиш жоизки, профессионал футболчилар қанчалик қиммат машиналарни хуш кўришса, қасддан қилишганидек, уларни бераҳмларча вайрон қилишни ҳам шунчалик яхши кўришади, шекилли. Бунда спорт моделлари сингари стандарт моделлар ҳам четда қолмайди. Мана яқинда бўлган воқеа фикримиз исботидир. Кристал Пелас ҳимоячиси Папе Суаре M4 автомагистралида кетаётганда манзилигача етиб бора олмади. Футболчи шунчалик жиддий ҳалокатга учрадики, оқибатда автомобиль томидан жудо бўлди. Келган бало шунга келсин, бош омон бўлса, дўппи топилар! Суаре кўзини бир юмиб очгач, шундай деган бўлса ажаб эмас.

Афсуски, таниқли футболчиларнинг автоҳалокатда вайрон бўлган машиналари рўйхати шунчалик кенгки, Суаре ўзига бу борада биринчи эмаслиги билан ҳам таскин берса керак.

Чилилик футболчи Артуро Видаль ўзининг янгигина Ferrari Accurate спорткарини 2015 йилги Copa America мусобақасидан бироз олдин автомобиллар чиқиндихонасига юборди. Бу воқеадан сўнг, Видални терма жамоа сафидан чиқаришни ҳам хоҳлашди. Чунки, у рулга ширакайф бўлиб ўтирган. Аммо, барчаси яхшиликка экан, Видаль маҳкама жараёнида ишини битирди. Америка кубогини яна унинг етакчилигидаги жамоа қўлга киритди.

Қайд этиш жоизки, Феррарини маст бўлмасдан ҳам вайрон қилиш мумкинлигини Роналду, ҳа айнан Криштиану Роналду исботлаб қўйган. У, Манчестердаги фаолияти давомида машғулотларга шунчалик шошганки, спорткарининг бошқарувини йўқотган. Натижада…

Буниси энди, Манчестер Юнайтиднинг бошқа бир ўйинчисининг “автоўйинчоғи”. Албатта, «қизил иблислар» вакили тезликни хуш кўрмайди, дейиш нотўғри бўлур эди? Аммо, афсуски, Андерсон жамоасида ҳам шундай тезликда ўйнаганда эди.

«Лорд» лақабли даниялик футболчи Никлас Бендтнер эса, машинасини ҳам лақабига мос равишда парчалаб ташлашнинг уддасидан чиққан. Бошқалар Феррарисини металлоломга юборган бўлса, Бендтнер Астон Мартинининг баҳридан ўтиб қўя қолган.

Карим Бенземанинг кўнгли туғилган куни муносабати билан пойга уюштиришни тусаб қолгани футболчига қимматга тушди.

Италиялик футболчи Марио Балотеллининг мазкур рўйхатда бўлмаслиги, қайсидир жиҳатдан ғалати бўлар эди. Шунга кўра, у ҳам ҳамкасбларидан ортда қолишни ўз шаънига эп кўрмаган.

Мана бу расм эса, футболчиларнинг автоҳалокатини акс эттиришда энг кўзга кўрингани бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Туркия, Феррари ва йўл четида турган ҳайдовчи Артем Милевскийнинг афсус-надомати...

Россиялик футболчи Андрей Ещенко ҳозир ҳам РПЛда муваффақиятли тўп суриб, терма жамоа номзодларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун у Яратганга кунига шукрона қилса ҳам оз. Ахир, бир ажалдан қутилиб қолгани аниқ.

Жанубий африкалик футболчи Роой Махамутсани дунё футбол ишқибозларининг барчаси ҳам билавермайди. Аммо, унинг машинаси билан учраган автоҳалокати кўп бора ижтимоий тармоқларда ва турли ОАВларида пайдо бўлган. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, Махамутса ҳам Ещенко каби бу авариядан осонгина қутилган.

Ва ниҳоят, агар сиз, ҳа энди футболчилар катта пул топишаяпти. Босар-тусарини билмай қолган десангиз хато қиласиз. Бунинг исботини собиқ футболчи, “қария” Иан Райт исботлаб турибди. У ҳам унча арзон бўлмаган машинада жиддий ҳалокатни бошидан кечирган.

Мавзуга оид