Жаҳон | 08:20 / 01.10.2016
11338
2 дақиқада ўқилади

Россия ташқи ишлар вазири MH17 рейси фалокати учун узр сўрашдан бош тортди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров MH17 рейси фалокати учун халқаро комиссия ҳисоботи билан боғлиқ ҳолда узр сўрашдан бош тортди. Ҳисоботга кўра, самолёт уриб туширилган "Бук" ракета мажмуаси Донбассга Россиядан келтирилган, сўнгра яна қайтариб олиб кетилган.

"Нимага узр сўраш керак?", деб жавоб берди Лавров хорижий телеканал бошловчиси  Стивен Сакурнинг узр сўраш ҳақидаги таклифига.

Лавровнинг айтишича, Россия терговнинг расмий натижаларини кутиб турмоқчи, ваҳоланки у ҳали якунланмаган. "Терговда номи тилга олинган юзлаб номлар бор, бироқ улар ҳозирча ҳаттоки гумонланувчилар сифатида ҳам қаралмаяпти", деб қўшимча қилди Лавров.

Лавровнинг айтишича, Россия самолётнинг фалокатга учраши бўйича комиссияга катта ҳажмда маълумотлар берган ва уларни ошкор қилган, бироқ унга жавоб олмаган. Лавровнинг таъкидлашича, бу орада комиссия томонидан инобатга олинган АҚШ ва Украинадан олинган маълумотлар ошкор қилинмаган.

Ҳисобот 28 сентябрда чоп этилган. Комиссиянинг таъкидлашича, самолётни уриб туширган ракета Снежное аҳоли пунктидан учирилган. Аҳоли пункти ўз мустақиллигини эълон қилган Донецк халқ республикаси назоратида бўлган.

Ҳисобот рейснинг фалокати терговида якуний нуқта қўймайди, бироқ у асосида кейинги барча қадамлар қабул қилинадиган умумлаштирувчи ҳужжат ҳисобланади.

Malaysia Airlines’нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга рейс амалга ошираётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 17 июлда Украина шарқидаги қуролли ихтилоф ҳудуди устида уриб туширилган. Самолётдаги барча 298 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид