20:41 / 03.10.2016
10368

Саудия Арабистони хорижликларга мамлакатдан чиқиш учун тўлов киритди

Саудия Арабистони нефтдан тушадиган даромадлар камайгани сабабли виза йиғимлари қийматини анча оширди. БААнинг Gulf News нашри хабар беришича, энди хорижликлар нафақат мамлакатга кириш учун, балки ундан чиқиш учун ҳам ҳақ тўлайдилар.

Нашр маълумотларига кўра, Саудия Арабистонини тарк этмоқчи бўлган ҳар бир хорижлик 50 долларга яқин ҳақ тўлаши керак бўлади. Ҳозирда 80 доллар бўлган транзит визаси ҳам ошди, денгиз саёҳатларида порт инфратузилмасидан фойдаланганлик учун бир кишига 13 доллар қийматда йиғим тўланади.

Нашрнинг ёзишича, Саудия Арабистонига икки ойлик бир марталик кириш визаси нархи 10 баробарга, яъни 50 доллардан 530 долларгача ошди. Қиролликда бўлган меҳмон ҳар бир қўшимча ой учун 26 доллар тўлаши керак бўлади. Шу билан бирга зиёратчилар учун қиролликка биринчи сафар бепул бўлади. 

Саудия Арабистони ҳукумати бюджет даромадларини ошириш борасида меҳнат муҳожирлари учун кириш ҳужжатларини расмийлаштиришдан олинадиган йиғимларга умид билан қарамоқда. Янги қоидаларга кўра, Саудия Арабистонига кириш учун хорижий ишчилар 80 доллар тўлаши керак бўлади, ярим йиллик ишчи виза 800, йиллик – 1333 ва икки йиллик ишчи виза 2133 доллар туради.  

Саудия Арабистони муҳожирлар сони бўйича дунёда 4-ўринни эгаллайди, уларнинг мамлакатдаги сони 9,1 млн кишини ташкил қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, қироллик доимий яшовчи хорижликлар учун визанинг ўзидан йилига камида 12 млрд доллар ишлаб топиши мумкин.  

 

Top