Жаҳон | 15:02 / 04.10.2016
4752
2 дақиқада ўқилади

Сурияга Арманистоннинг илк гуманитар самолёти келиб қўнди

4 октябрь куни Суриядаги Хмеймим авиабазасига Арманистоннинг гуманитар юк ортилган илк самолёти келиб қўнди. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

"Аэропортда юкларни Арманистоннинг Ҳалабдаги бош консули ва Россия ҳарбий базаси қўмондони кутиб олишди", — деб хабар берилган Арманистон ТИВнинг Twitter ижтимоий тармоғидаги расмий микроблогида. 

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги юкларни етказишга ёрдам бергани учун Россия ташқи ишлар ва мудофаа вазирлигига миннатдорчилик билдирган.

Арманистон ОАВ маълумотига кўра, Ил-76 транспорт самолёти Арманистондан Ҳалабга 20 тонна гуманитар ёрдам олиб борган. Ушбу юк озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ун, шакар, сабзавот, мева ва гўшт консерваси маҳсулотларидан иборатдир.

Аввалроқ Арманистон президенти Серж Саргсян Сурияга гуманитар юк ортилган иккита самолёт жўнатиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур қарор Ҳалабдаги арманлар яшайдиган туман - Нор Гюх ва Вилланерга террорчи гуруҳлар томонидан ракета зарбалари берилгач, қабул қилинди. Ҳужум оқибатида 5 нафар арман ҳалок бўлган эди.

Суриядаги арман диаспораси мамлакатдаги энг йирикларидан ҳисобланади. Арманлар ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётда муҳим ўринни эгаллашади. Уларнинг аксари 1915 йилда Усмонлилар қирғинидан қочиб Туркиядан Сурияга ўтган арманларнинг авлодлари ҳисобланади. Сурия арманларининг асосий қисми Ҳалабда истиқомат қилади (60 мингдан ортиқ киши). Дамашқда 7 мингдан ортиқ арман бор, шунингдек, Латақия, Кесабе ва Ал-Қамишлида арманлар яшайди. Сурияда сиёсий инқироз бошлангач, 90 мингдан ортиқ арман мамлакатни тарк этгани айтилади.

Сурия ҳукумати ва турли жангари гуруҳлар ўртасидаги низолар 2011 йилнинг мартидан буён давом этиб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, шу вақтгача қуролли можаролар 220 мингдан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган.

Мавзуга оид