Жамият | 20:44 / 08.10.2016
11380
2 дақиқада ўқилади

Тож Маҳални оқартириш учун уч йил таъмирлаш ишлари олиб борилади

Фото: © EPA/HARISH TYAGI

Абадий муҳаббат тимсоли бўлган Тож Маҳалнинг оқ тусини тиклаш ва юзасини тозалаш мақсадида 3 йил мобайнида ишлов бериш ишлари олиб борилади. Бунда, қадимги ҳинд гўзаллик тавсияларига мувофиқ, оқ гилдан қориштирилган махсус ниқоб суриб чиқилади. Бу ҳақда, The Times of India газетаси Ҳиндистон Археология хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Ҳиндистон Археология хизмати ўтказган тадқиқотларга кўра, сўнгги вақтларда Тож Маҳал юзаси рангининг ўзгаришига 55 фоизи чанг ва 35 фоизи малларанг углерод тўзи ва 10 фоизи қурумдан иборат қолдиқлар сабаб бўлмоқда. Ёдгорликка зиён етказмасдан уни тозалашда эса "Мўлтони митти" косметик ниқоби қўл келади. Бундан ҳинд аёллари минглаб йиллардан бери тана ва юз терисини оқартиришда фойдаланиб келишади. 

Оқ мармардан барпо этилган Тож Маҳал мақбара масжиди яримқимматбаҳо тошлар билан безатилган, Бобурийлар сулоласи томонидан барпо этилган тарихий ёдгорликлардан биридир. Уни Шоҳ Жаҳон 1653 йилда суюкли рафиқаси Мумтозмаҳалга атаб қурдирган. Ушбу мақбарани қуришга 27 йил сарфланган. 1983 йилда ЮНЕСКО Тож Маҳалга бутунжаҳон маданий мероси унвонини берган. 


 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид