19:53 / 14.10.2016
4270

Хитой жанубидаги конда портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Фото: © AP

Хитой жанубидаги Гуйчжоу вилоятидаги конлардан бирида юз берган портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, деб маълум қилди 14 октябрда Хитойнинг Ишлаб чиқаришда хавфсизликни назорат қилиш бош давлат бошқармаси. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

Бошқарма маълумотларига кўра, портлаш Цяньсинань-Буи-Мяо мухтор округидаги Чжэньфэн уездида жойлашган конда куннинг иккинчи ярмида юз берган. Портлаш юз берган вақтда ер остида 18 киши бўлган, улардан 11 нафари юзага чиқа олишган. Улардан икки нафари оғир жароҳатлар олган, бироқ уларнинг ҳаётлари хавф остида эмас.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлашга газ буғларининг детонацияси сабаб бўлган. Маҳаллий ҳукуматга жабрланганларга зарур ёрдамни кўрсатиш буюрилди, воқеа тергов қилинмоқда.

Хитой тоғ-кон саноати дунёдаги энг хавфлиларидан бири ҳисобланади, унда ҳар йили минглаб кончилар ҳалок бўлади. Шу туфайли Хитой ҳукумати охирги йиллар хавфсизликни кучайтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. 

Хитойда 2016 йилнинг дастлабки 6 ойи ичида кўмир конларида 107 та фалокат юз берди, уларда 205 кончи ҳалок бўлди.

 

Top