Ўзбекистон | 22:52 / 19.10.2016
12113
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов ИҲТнинг Фаластин бўйича позициясини маълум қилди

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ИҲТ ТИВКнинг 43-сессиясига бағишланган якуний брифингда чиқиш қилди. Нутқ матни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги сайтида келтирилган.

У ўз нутқида Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини билдирди. Хусусан, Афғонистон ҳақида гапирар экан, Комилов афғон муаммосига ҳарбий ечим йўқлигини яна бир бор таъкидлади.

"Биз Афғонистондаги ички зиддиятларни ҳал қилиш бутун халқни яраштириш жараёнларини олға суриш орқали ҳамда афғонлар раҳбарлигида ва афғонлар томонидан амалга оширилиши керак деб ҳисоблаймиз", — деди вазир.

Бундан ташқари, Комиловнинг сўзларига кўра, ИҲТ ТИВК Фаластин ва Ал-Қуддус Аш-Шарифни, Фаластин халқининг қонуний ва дахлсиз ҳуқуқларини, Яқин Шарқда тартиб ўрнатиш бўйича тинчлик ташаббусларини ҳамда Фаластин қочоқлари муаммоларини адолатли ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилинишини яна бир бор тўлиқ қўллаб-қувватлади.

"ИҲТга аъзо давлатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятни БМТ Низомидаги тамойиллар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ равишда инқирозларни сиёсий йўл билан тартибга солиш орқали зудлик билан барқарорлаштириш зарурлиги тўғрисида ягона фикрга эгадирлар", — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, икки кун давом этган сессия давомида 118та резолюция қабул қилинди.

"Ишимиз якунларига кўра Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ИҲТнинг обрўли ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан бир қаторда ўзининг муносиб ўрнига эгалигини таъкидлайди ҳамда мусулмон уммати бирлигини таъминлаш, мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш, аъзо давлатларга барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақиради", — деди Комилов.

Комилов сессия доирасида "Ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва бунёдкорлик салоҳиятини рағбатлантириш" мавзуида йиғилиш ўтказилгани ҳамда унда аъзо давлатларнинг ёшлар сиёсати ва мазкур соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари масалалари юзасидан батафсил ва самарали фикр алмашилганини маълум қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, сессияда ИҲТга аъзо давлатларнинг 26тасидан вакиллар иштирок этди. Сессияда шунингдек, ИҲТ бош котиби, Ислом тараққиёт банки президенти, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия ва Швейцариянинг махсус элчилари, қатор халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари қатнашди.

ИҲТ 1969 йилнинг сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун ташкил этилган. 2011 йилга қадар Ислом конференцияси ташкилоти номи билан аталган. ИҲТга 57 мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлиб кирган.

Мавзуга оид