Жаҳон | 08:48 / 22.10.2016
14343
2 дақиқада ўқилади

"Қотил-масхарабозлар" Германияга ҳам етиб келди

Фото: © AP

АҚШда пайдо бўлиб, оммалашиб кетган, одамларни қўрқитувчи "қотил-масхарабозлар" ўзининг қўрқинчли қиёфалари билан Германияда ҳам пайдо бўлди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.  

Германияда бир ҳафта ичида масхарабоз кийимидаги кимсалар пиёдаларга ҳужум қилишининг 5 та ҳолати қайд этилди. Гельзенкирхенда масхарабоз кийимидаги 16 ёшли ўсмир бейсбол битаси билан танишларини қоронғу бурчакда пойлаб турган. Оқибатда "ҳазилкаш"нинг хатти-ҳаракатларидан бир ўсмир жабр кўрган. Ўсмирга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Шунга ўхшаш воқеалар Берлин, Грайсвальдда ва икки марта Ростокда ҳам юз берган, бироқ ҳеч қандай жароҳатланганлар ва қурбонларсиз ўтган. 

Полициячилар масхарабозларнинг кўпайишини Ғарбда 31 октябрда нишонланадиган  Хэлоуин байрами билан тушунтиришмоқда. Бу байрамда қўрқинчли кийимларга кийиниш урф бўлган. Германия полицияси касаба уюшмаси раҳбари Райнер Вендт фуқароларга "қотил-масхарабоз" кийимида одамларни қўрқитиш ҳолатлари ҳақида ҳуқуқ-тартибот муассасаларига хабар беришни тавсия қилди.

"Бундай безорилар Хэллоуинга яқин кўпайиши хавотири бор, бу аҳмоқона тенденция тобора оммалашмоқда. Бу "масхарабозлар" тентаклар эмас, улар жиноятчилар", деб айтди Вендт.

Охирги маҳал ғарб давлатларида "қотил-масхарабозлар" кийимида одамларга ҳужум қилиш, уларни ҳазиллашиб қўрқитиш ҳолатлари оммалашиб кетди. Баъзида бундай "ҳазиллар зил билан тугаётган" ҳолатлар ҳам қайд этилмоқда. 

 

Мавзуга оид