19:34 / 25.10.2016
24714

БМТ: ИШИД қамал вақтида Мўсулда турли ваҳшийликларни амалга оширмоқда

GETTY IMAGES

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Ироқ ҳарбийлари ва халқаро коалиция қамалида қолган Мўсул шаҳри ва атроф ҳудудларда ИШИД жангарилари тинч аҳоли вакилларини турли қийноқларга солаётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берган.

Хабарда айтилишича, жангарилар томонидан ваҳшийликнинг турли кўринишларида ўлдирилаётганлар орасида болалар ҳам бор.

Сафина қишлоғида 15 киши қатл этилган ва уларнинг таналари дарёга улоқтирилган.

Яна бир қишлоқда 6 киши автомобилга боғлаб судралган. Улар тирик қолган-қолмагани аниқ эмас.

Шунингдек, жангарилар тинч аҳоли вакилларидан жонли қалқон сифатида фойдаланаётгани айтилган.

«20 октябрь куни Мўсулдан узоқ бўлмаган ҳудуддаги қишлоқда ваҳшийлик билан ўлдирилган 70 кишининг жасади топилди. 23 октябрь куни отиб ташланган 50 кишининг жасади аниқланди, улар Ироқ полициясининг собиқ ходимлари бўлган», — деган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Руперт Колвилл.

Колвиллнинг айтишича, жангарилар шаҳардан қочишда фойдаланмоқчи бўлган "жонли қалқон" колоннасига қўшилишни истамаган 3 аёл ва 3 қизни отиб ташлаган.

«Булар дастлабки маълумотлар — қатл этилганлар сони бундан кўп бўлиши мумкин», —дея қўшимча қилган амалдор.

23 октябрь куни Мўсулда шаҳар аҳолиси вакиллари бўлган 16 киши кўприкдан пастга ташлаб юбориш орқали ўлдирилгани маълум бўлганди.

Яна бир қатл маросими 20 октябрдан 21 октябрга ўтар кечаси юз берган. Ўшанда жангарилар 284 кишини шаҳардан қочиб кетмоқчи бўлгани учун оммавий равишда қатл қилганди. Улар отиб ташланиб, уларнинг жасади шаҳар шимолидаги коллеж ортида қазилган ўрага бульдозер билан суриб ташлаб кўмиб юборилган.

17 октябрь куни Ироқ ҳарбийлари курдларнинг "Пешмерга" гуруҳи билан иттифоқчиликда ИШИДнинг Ироқдаги марказий шаҳри ҳисобланадиган Мўсулга ҳужум бошлади. Ўтган ҳафта ўртасида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция раҳбари, америкалик генерал Гэри Волекси жангарилар шаҳардан қочишга тушгани ҳақида хабар берди.

Мўсул 2014 йилнинг ёзида жангарилар томонидан босиб олинганида унда 2 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилган. Жангарилар келгач, имкон топганлар шаҳардан қочиб кетган, ҳозирда шаҳарда тахминан 700 минг киши яшайди.

Top