Жаҳон | 00:35 / 10.01.2018
17951
2 дақиқада ўқилади

Мўсулда қўлга олинган ИШИД жаллоди пора эвазига қўйиб юборилди – ОАВ

Фото: palestinetoday

Омма олдида одамларни қатл этишда иштирок этган, ИШИДнинг “Оқ соқол” лақаби билан маълум бўлган жаллоди Абу Умар Мўсулда қўлга олинган, бироқ пора эвазига қўйиб юборилган. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат вакили Зуҳайр Хаззин ал-Жобирий маълум қилди. 

Унинг айтишича, жаллод Мўсулдаги полиция бўлимларидан бирига етказилган, бироқ у ерни 7,5 минг доллар пора бериб тарк этишга муваффақ бўлган. 

Ал-Жобирий жаллодни қўйиб юборган полициячиларга қандай чора кўрилганини маълум қилмаган. 

“У ҳибсга олингандан кейин кўчада мотоциклини қолдирганди. Бир соатдан кейин биз мотоцикл йўқлигини кўрганмиз. Биз нима бўлганини сўраганимизда, уни 7,5 минг доллар пора эвазига 10 дақиқа олдин озод қилишгани ҳақида жавоб олганмиз”, деб эслайди воқеани Ал-Жобирий.

Абу Умар қўлга олингани 2 январда маълум бўлган. Ўшанда полиция жаллоднинг жойлашган ўрни ҳақида шаҳар аҳолисидан маълумот олгани маълум қилинган. 5 январда Ироқ ҳукумати айнан “Оқ соқол” қўлга олинганини расман тасдиқлаган. 

Умар ИШИД томондан уюштирилган бир нечта қатллар видеоёзувида қайд қилинган. Хусусан, у 2015 йилги қатл видеоёзувида шаккокликда айбланган уч кишига чиқарилган ҳукмни ўқиган. Шундан кейин айбланувчилар қатл этилганлар. У, шунингдек, ўлим жазосига маҳкум қилинганлар тошбўрон қилинган роликда ҳам кўринган. 

Мавзуга оид