Жаҳон | 07:02 / 01.11.2016
5564
2 дақиқада ўқилади

Италияда икки кун ичида 700 дан кўпроқ зилзила қайд этилди

Фото: AFP 2016/ Filippo Monteforte

Италиянинг марказий қисмидаги Марке ва Умбрия вилоятлари чегарасида 30 октябрдаги 6,5 магнитудали зилзиладан кейинги икки кун ичида 700 дан кўпроқ зилзила қайд этилди.

1980 йилдан бери энг кучли дея қайд этилган зилзила 30 октябрда маҳаллий вақт билан соат 07:41да юз берган. Маълумотларга кўра, зилзила маркази 10 км чуқурликда Норча шаҳри яқинида бўлган. Зилзила бутун Италия бўйлаб, жумладан пойтахт Рим ва бошқа йирик шаҳарларда сезилиб турган.

Маълум қилинишича, умумий ҳисобда 4-5 магнитудали 18 та, 3-4 магнитудали 301 та ва 3 магнитудадан кам бўлган 403 та зилзила қайд қилинган.

Сейсмологларнинг таъкидлашича, бу зилзилалар оқибатида зилзила марказида тупроқнинг чўкиши 25 сантиметрни ташкил қилган. Бундан аввал 24 августда содир бўлган зилзила оқибатида ҳам тупроқ 20 сантиметрга чўкканди.

Охирги уч ой ичида Италия марказида учта йирик зилзила юз берган. Улардан биринчиси 24 августда кузатилган ва 298 кишининг умрига зомин бўлган. 26 октябрда тахминан шу ҳудудда бир қатор зилзилалар бўлиб ўтган, улардан энг кучлиси қуввати 5,9 магнитудани ташкил қилган. 30 октябрда 6,5 магнитудали учинчи йирик зилзила қайд этилган. 

Охирги икки зилзилада қурбонлар бўлмаган, бироқ Италиянинг 4 та вилояти – Марке, Умбрия, Лацио ва Абруццодаги тахминан 100 та шаҳар ва қишлоқда жиддий вайронагарчиликлар қайд қилинган. Италия фуқаролик мудофааси раҳбарининг айтишича, ўтган якшанбадаги зилзила оқибатида 20 киши енгил жароҳат олган, бироқ 40 мингга яқин одам бошпанасиз қолган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид