08:49 / 01.11.2016
22060

Жанубий Корея президенти дугонаси ҳибсга олинди

Чхве Сун Силь © EPA/JUNG UI-CHEL

Жанубий Корея прокуратураси президентлик ҳокимиятини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ можарода бош гумонланувчи бўлган Чхве Сун Силни ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Сўроқ вақтида Чхве барча айбловларни (давлат ишларига аралашув ва ҳокимият вакилларига таъсир кўрсатиш) инкор этди. Бундан ташқари, у томондан исботларнинг йўқ қилиб юборилиши хавфи бор. Аввал у хорижда яшаган, унинг Кореяда доимий яшаш манзили йўқ ва бу унинг қочиб кетиши мумкинлигидан дарак беради", деб айтди прокуратура ходими. Прокуратура ходимининг айтишича, 60 ёшли аёл "жуда беқарор руҳий ҳолатда" бўлиб, озодликка чиқадиган бўлса "у билан исталган кутилмаган ҳодиса рўй бериши" мумкин. 

Ходимнинг айтишича, ушбу ҳолатларни инобатга олиб, аёлни 48 соатга ушлаб туришга қарор қилинган. Бу муддат якунлангандан сўнг уни ҳибсга олишга ордер берилиши мумкин.

Чхве Сун Силь 31 октябрда кўнгилли равишда прокуратурага келди. Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг яқин дугонаси ва маҳаллий диний секталардан бирининг марҳум етакчиси қизи бундан бир кун аввал Европада 2 ой бўлгандан кейин Жанубий Кореяга келганди. Аёлнинг адвокати айтишича, у Кореяга тергов билан ҳамкорлик қилиш учун келган ва буни тўлиқ тарзда амалга оширмоқчи.

Аёл Жанубий Кореянинг йирик корпорацияларини у билан боғлиқ иккита жамғарма – Mir ва K-Sports’га кўп миллионлик хайр-эҳсонлар қилишга мажбур қилишда ўз таъсиридан фойдаланганликда айбланмоқда. Баъзи ОАВ таъкидлашича, у жамғармалар орқали 53 та компаниядан 80 млрд вон (72 млн доллар) миқдорида маблағ олган. Тахминларча, бу маблағлардан бир қисми аёл томонидан хорижда кўчмас мулк сотиб олишга ва қизининг ўқиши пулини тўлашга ишлатилган. Бундан ташқари, у 250 минг долларлик банк кредити олишда фирибгарлик қилишда айбланмоқда.

Жанубий Корея президенти эса ўз дугонасига давлат ишларига аралашишга имкон берганликда гумон қилинмоқда. Президент жумладан дугонасига махфий ва муҳим ҳужжатларни, хусусан, ўзининг нутқлари матнини беришда, уларга тузатишлар киритишга рухсат беришда ва шу тариқа мамлакатнинг сиёсати ва иқтисодиётига бевосита таъсир қилишга имкон беришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, давлат хизмати ва давлат сиридан воқиф бўлишга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Чхве Сун Силь ходимларни тайинлаш ва президент маъмурияти ишларига аралашиб келган.
 

Top