Жаҳон | 16:47 / 09.11.2016
36856
5 дақиқада ўқилади

АҚШнинг янги кузири: Дональд Трамп

Фото: Getty Images

Миллиардер Дональд Трамп АҚШ президентлик сайловида ғолиб бўлди. У бу лавозимга бир йилгина кураш олиб боргани йўқ. Миллиардер илк бора президент бўлиш орзуси хусусида 30 йил муқаддам эълон қилган эди. 1999 йилда эса Ислоҳотлар партиясидан ўз номзодини илгари сурди, 2012 йилда Республикачилар партияси номзодларидан бири бўлди. 

У икки марта ҳам праймеризнинг биринчи босқичидаёқ номзодини қайтариб олган. 2015 йил декабрь ойида Bloomberg агентлиги Трамп "қора оққуш" сифатида ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилган эди. 2016 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда бу тахмин ўзини оқлади ва тадбиркор Америка тарихидаги илк аёл президент бўлиш учун курашган Ҳиллари Клинтонни доғда қолдирди. У "қачонлардир ҳукмронлик қилган энг буюк президент бўлишини таъкидлаб келган". 

Трамп 1946 йил 14 июнда миллионер Фред Трамп оиласида дунёга келган. У ота томонидан немис, она томонидан шотландлар авлоди вакилидир. Трамп 1959-1964 йилларда Нью-Йорк ҳарбий академиясида таҳсил олган, 1964-1966 йилларда Фордэм университетида таҳсилни давом эттирган. Сўнгра, Пенсильвания университети Уортон бизнес мактабига ўтиб, шу ерда иқтисод фанлари бакалаври даражасини олган. 

Дональд Трамп ва унинг отаси 1987 йил

АҚШнинг 45-президенти 1968 йилда отасининг Elizabeth Trump & Son қурилиш компаниясида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1971 йилда оилавий компаниянинг назорат пакетини қўлга киритган ва уни Trump Organization дея қайта номлаган. 

Нью Йорк Иқтисодий ривожланиш бўйича агентлик бошқармаси раҳбари билан, 1976 йил

Дональд Трамп 2015 йил октябрида ўз бойлигини 10 млрд долларга баҳолаган ва йиллик даромади 400 млн долларни ташкил этишини айтган. Бироқ, Forbes журнали унинг бойлигини 4,1 млрд доллар атрофида дея тахмин қилган. Bloomberg агентлиги эса, умуман 2,9 млрд доллар эканини таъкидлаган.

1980 йилларда у ўзини ўйин бизнесида синаб кўришга қарор қилиб, Атлантик Сити шаҳрида бир неча казиноларни харид қилган. Хусусан, Trump Plaza Hotel & Casino ва Taj Mahal меҳмонхона-казиноларни сотиб олган. Казинолардан ташқари, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги обрўли гольф майдонлари, гольф-курортлари ва сайёҳлик масканлари унга тегишлидир. 

"Trump" сўзи ўзбек тилига таржима қилинганида, "кузир" маъносини англатади. Шунга кўра, Дональд Трамп омад келтирувчи исми-шарифидан фахрланишини таъкидлаб келади. У ўз фамилиясини муваффақиятли брендга айлантира олди ва унинг ёрдамида бойлигининг салкам учдан бирини тўплади. Бугунги кунда, Trump сўзи билан боғлиқ икки юздан ортиқ савдо белгиси мавжуд. 

Унинг ҳаётдаги асосий қоидаси эса, “ҳаммасини ўзинг бажар ва назорат қил, эришган натижангда тўхтаб қолма”, шиоридир. Трампни яқиндан билганларнинг сўзларига кўра, мақсади томон чарчамай ишлайдиган меҳнатсевар инсон. Дональд Трамп, акаси Фреднинг ўлимига ичкилик ва тамаки чекиш сабаб бўлгани боис, бу ишлардан умуман йироқ. 

Таъкидлаш жоизки, Дональд Трамп ўндан ортиқ китоблар муаллифидир. "Келишувга эришиш санъати" (1987); "Қандай қилиб бой бўлиш мумкин" (2004); "Чўққи сари йўл: бизнесни юритиш бўйича менинг энг яхши маслаҳатим" (2004); "Трамп ҳеч қачон мағлуб бўлмайди: катта муаммоларимни муваффақиятга айлантирганим ҳақида" (2008) кабилар шулар жумласидан.

Миллиардер тадбиркор, шунингдек, бир неча фильмларда ҳам суратга тушгани учун "Эмми" мукофоти учун номзоди қўйилган. Уни "Беверли-Ҳиллзлик шаҳзода", "Уйда ёлғиз 2", "Ҳаётимиз кунлари", "Энага" каби фильмларда кўриш мумкин.

Дональд Трамп 12 йил мобайнида NBC The Celebrity Apprentice реалити-шоуси продюсери ва бошловчиси ҳам бўлди. Айнан шу лойиҳа туфайли Трампга Ҳолливуднинг Шон-шараф хиёбонида юлдуз ўрнатилганди. 

Дональд Трамп 1977 йилда Ивана Зельничковага уйланган, ундан - Дональд, Иванка ва Эрика исмли фарзандлари бор. 1993 йилда улар ажрашишган.

Шундан сўнг, Трамп актриса ва продюсер Марла Мейплз билан оила қуради. 6 йил давом этган бу никоҳидан қизи Тиффани Ариана дунёга келган. 

Дональд Трамп ва унинг оиласи 2015 йил

2005 йилда Дональд Трамп учинчи маротаба словениялик собиқ фотомодель Меланье Кнаусга уйланган. 2006 йилда уларнинг Бэррон Уильям исмли ўғли дунёга келди.

Мавзуга оид