16:31 / 09.11.2016
6124

Наримон Умаров бухоролик сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтарди

Фото: Адолат СДП Матбуот хизмати

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловолди ташвиқоти доирасидаги навбатдаги учрашувини 9 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан ўтказди.

Очиқ ва жонли мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда асосий учрашув жойи ҳамда туман, шаҳарлардан жами 2600 нафардан ортиқ сайловчилар, жумладан, кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, маҳаллалар фаоллари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Д.Ҳамдамова олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили – халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати, вилоят партия Кенгаши раиси А.Турсунов йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Наримон Умаров бухоролик сайловчиларга мурожаат қилар экан, бу табаррук замин муқаддас Ислом дини қувват олган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандийдек дин пешволарини, Абу Али ибн Синодек етук мутафаккир ва олимларни етиштириб берган юрт сифатида бутун дунёга машҳур эканлигини эътироф этди. Истиқлол йилларида навқирон Бухоро шаҳрининг кўрки ва гўзаллиги янада ортгани, бугунги кунда шаҳар нафақат ўзининг бетакрор обидалари, минг йилларга бориб тақаладиган маданияти билан балки замонавий меҳмонхоналари, таълим муассасалари, спорт комплекслари, театр ва маданият саройлари, гўзал боғлари-ю, фавворалари билан бу ерга ташриф буюрган сайёҳларни маҳлиё этаётгани ҳақидаги илиқ фикрлар сайловчиларни хушнуд этди.

Учрашув иштирокчилари, айниқса, Президентликка номзоднинг ўз Сайловолди дастурида белгилаган устувор ғоя ва вазифалар ҳақидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Шунингдек, Н.Умаровнинг бугунги кунда аҳоли ўртасида талаб ошиб бораётган тиббий муолажаларга, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдори эканлиги, қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, чет эл врачларини Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтириш, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга доир таклифлари сайловчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Президентликка номзод учрашув иштирокчиларининг ўз Сайловолди дастури, ҳудудни ва умуман, республикани ривожлантиришга доир кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

Top