16:42 / 10.11.2016
11242

Йилнинг энг яхши «яшил» машинаси даъвогарлари маълум қилинди

Американинг Green Car Journal нашри «Йилнинг энг яхши яшил автомобили» учун даъвогарлар рўйхатини эълон қилди. Ўзига хос рейтинг ғолиби 17 ноябрь куни Лос-Анжелес моторшоусида аниқ бўлади.

Даъвогарлар рўйхатига тўртта гибрид ва битта электрокар киритилган. Булар: BMW 330e iPerformance, Chevrolet Bolt, Chrysler Pacifica, Kia Optima ва Toyota Prius Prime. Green Car Journal муҳаррирлари барча даъвогарлар орасидан тежамкорлиги, янгилиги, технологияларнинг қўлланилгани, нархи ва экологик кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда мазкур бешта моделни танлаб олишган. 

BMW 330e iPerformance 184 от кучига эга 2.0 литрли турбомотор ва 88 от кучили электродвигателга эга бўлиб, саккиз босқичли автоматик узатмалар қутиси ёрдамида ҳаракатланади. 100кмга 2,1 литрга яқин ёқилғи сарфлайди. 

Chevrolet Bolt ўз навбатида 200 от кучига эга электромотор ва 60 кВТ/соатлик литийли батареялар ёрдамида бир қувватланиш билан 320 кмни ортда қолдира олади. 

Chrysler Pacifica моделининг гибрид русумига 248 от кучига эга олтицилиндрли бензинли мотор, электродвигатель, 16 кВт/соатлик батарея тўплами ва тўққиз босқичли автоматик узатмалар қутиси ўрнатилган. У 100 кмга 3,5 литр ёқилғи сарфлайди. 

Kia Optima гибрид седани АҚШда икки хил намунада сотилади. Унга 2.0 литр ҳажмга эга, 4 цилиндрли мотор ўрнатилган. Электромотор захираси унчалик катта бўлмаса-да, тўлдирилган ёқилғи баки билан 965 кмгача юриш мумкин. 

Toyota Prius Prime — оддий «Приус»нинг такомиллаштирилган намунаси. Уни хўжалик электр тармоғидан қувватласа бўлади. Моделга 1,8 литрли, 97 от кучига эга бензинли мотор, 73 от кучли электродвигатель ва 8,8 кВт/соатлик батарея ўрнатилган. 

Эндиликда, ҳакамлар ҳайъати ушбу бешта машинадан энг яхшисини тан олишлари талаб этилади. 

Chevrolet Volt ўтган икки йилдаги энг яхши «яшил» машина деб топилган эди. 

1992 йилдан бери чоп этиладиган Green Car Journal нашри 2005 йилдан ушбу рейтингни тузиб келади.

 

Top