Фан-техника | 17:55 / 14.11.2016
15648
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон дунё рейтингининг интернети ноэркин мамлакатлари қаторидан жой олди

Фото: freedomhouse

Американинг Freedom House нодавлат ташкилоти Freedom on the Net 2016 ҳисоботини тақдим этди. Тадқиқотга кўра, интернет-фойдаланувчиларнинг 67 фоизи ҳукумат, ҳарбийлар ва ҳукмрон элита танқиди цензура ҳисобланадиган мамлакатларда яшайди. Бу ҳақида Freedom House'нинг расмий сайтида маълум қилинди

Бир йил аввал бу кўрсаткич 61 фоиздан камроқни ташкил қилар эди. Тадқиқотда таъкидланишича, цензура даражасининг кўтарилиши асосан бир қатор мамлакатларда маълумотларни узатишда шифрлашни қўлловчи  мессенжерларидаги (WhatsApp ва Telegram) блоклаш тизими туфайли содир бўлди. WhatsApp 12 мамлакатда тақиқланган, Telegram эса - 4 мамлакатда. 

Freedom House маълумотларига кўра, 27 фоиз тармоқ фойдаланувчилари жойлаштирилган постлар, уларни бошқалар билан ўртоқлашиш ва ҳаттоки "лайк"лар учун панжарага ортига тушиш мумкин бўлган мамлакатларда яшайдилар. Хусусан, 2015 йилда мисрлик талаба мамлакат президенти Абдул Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сисийнинг суратига фотошопда Микки-Мауснинг қулоқлари чизилган тасвирни жойлаштиргани учун 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Тадқиқот 2015 йилнинг июнидан интернет-фойдаланувчиларнинг 88 фоизи истиқомат қиладиган 65 мамлакатда ўтказилди. Freedom House'нинг баҳолашича, 17 мамлакатда интернет - эркин. Етакчилар бешлигида - Эстония, Исландия, Канада, АҚШ ва Германия мамлакатлари қайд этилган. 

Интернети "ноэркин" бўлган мамлакатлар сони эса - 20та. Энг ёмони, Freedom House фикрича, интернетдаги цензураларга дуч келган мамлакатлар орасида Хитой, Сурия, Эрон, Эфиопия ва Ўзбекистон номлари қайд этилган. Бу рўйхатдан шунингдек Россия, Қозоғистон ва Беларусь мамлакатлари ўрин олган. 

Мавзуга оид