Иқтисодиёт | 11:26 / 15.11.2016
8928
3 дақиқада ўқилади

Швейцария компанияси «Навоийазот»ни модернизация қилишни бошлади

Фото: Norma.uz

Швейцариянинг Casale SA компанияси Ўзбекистондаги йирик кимё корхонаси бўлган «Навоийазот» АЖни модернизация қилишга киришди. Бу ҳақда РИА Новости мухбири хабар берган.

Лойиҳани молиялаштириш йўлга қўйилган, пудратчи технологик ускуналарни тайёрлашга киришилган.

Бу инвестицион лойиҳасини реализация қилиш орқали «Навоийазот»да йиллик қуввати 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқариш ташкил этилади.

2016 йил бошида Casale «Навоийазот» билан қиймати 177 миллион долларлик азот кислотаси ишлаб чиқариш линиясини қуриш бўйича шартнома имзолаганди.

Лойиҳада янги энергетик ва технологик ускуналар асосида азот кислотаси ишлаб чиқариш агрегатларини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Модернизациялаш асносида концентрацияланмаган азот кислотасини ишлаб чиқариш қуввати 1,4 бараварга – йилига 500 минг тоннагача ошади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2019 йилнинг биринчи ярми этиб белгиланган.

Умумий қиймати 216,7 миллион долларни ташкил этувчи лойиҳа Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси, хориж кредитлари ва мамлакат кимё саноати корхоналари фаолиятини назорат қилувчи «Ўзкимёсаноат» АЖ маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

1964 йилда фаолият бошлаган«Навоийазот» АЖ заводи минерал ўғитлар, нитрон толаси ҳамда органик синтез интеграл маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Айни пайтда корхонада поливинилхлорид ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик азот ўғитларини ишлаб чиқарувчи мажмуани ташкил этиш бўйича лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

«Газета.uz» маълумотига кўра, жорий йил бошида «Навоийазот» базасида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш бўйича мажмуаси қурилиши бошланганди. Хитойнинг China CAMC Engineering ва HQC Shanghai компаниялари консорциуми билан шартнома имзоланган. Мажмуанинг йиллик қуввати 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанолни ташкил этади.

Шунингдек, Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries ва Mitsubishi Corporation консорциуми «Навоийазот»да аммиак ва карбамидни ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳани амалга оширади. Япониялик пудратчилар билан тузилган шартномага кўра, бу ерда ҳар йили 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Кўрсатиб ўтилган лойиҳалар Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, хорижий банкларнинг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ҳамда «Навоийазот»нинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Жадвалга кўра, 2019 йилда ишлаб чиқаришга киришилади. Янги корхоналарда 1300 дан зиёд ишчи ўринлари ташкил этилади.

Мавзуга оид