19:55 / 16.11.2016
4765

Хатамжон Кетмонов Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди

Фото: ndp.uz

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов 16 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Видеоконференция тарзида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ф.Умаров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Козимова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Кейинги йилларда Бухоро вилоятида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бунинг тасдиғини сўнгги беш йилда вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсгани, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 24,7 фоиздан 30 фоизга етганида кўриш мумкин. Вилоятнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши тобора ортиб бормоқда. Юртимизда қазиб олинаётган табиий газнинг 10, газ конденсатининг 11, нефтнинг 7, етиштириладиган пахтанинг 11, ғалланинг 9, пилланинг 12 фоизи Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келади 

Дастур партиянинг ғоя ва дастурий мақсадлари, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик – Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бу мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланади. 

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, корхоналар таснифига “ўрта корхона” тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган. 

Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, бунинг учун мунтазам ўтказиладиган иш ўринлари ярмаркаларини янада кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги тараққиёт йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Учрашувда Бухоро давлат университети магистранти Ш.Бобожонов, Шофиркон туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Юсупова, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Бухоро вилояти кенгаши раиси О.Қудратов, Вобкент тумани “Баркамол авлод” болалар маркази директори Р.Ҳайитова, Пешку саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси М.Сафоева номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикрларини билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

Top