Жаҳон | 19:46 / 18.11.2016
16974
4 дақиқада ўқилади

Трамп ва Клинтон ҳақидаги энг кўп тарқалган янгиликлар сохта бўлиб чиқди

Фото: © AP

Сайловлар олдидан интернетни Клинтоннинг ИШИДга қурол сотгани ҳамда Рим папасининг Трампни қўллагани ҳақидаги сохта янгиликлар қамраб олди. Buzzfeed ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг қанчалик ишонувчанлиги ва бу нималарга олиб келиши мумкинлигига доир тадқиқот ўтказди. 

BuzzFeed News тадқиқотига кўра, АҚШдаги президентлик кампаниясининг сўнгги уч ойида Facebook тармоғи фойдаланувчиларини The New York Times, Washington Post, Huffington Post, NBC News каби йирик нашрларнинг ҳақиқий мақолаларидан кўра, машҳур  сохта янгиликлар кўпроқ жалб қилган.

Сайтлар ва сиёсий фаоллар томонидан тарқатилган 20 сохта янгилик Facebook фойдаланувчилари томонидан 8,711 миллион турли реакцияга (изоҳлар, янгилик билан бўлишиш) эга бўлган.

Шу даврда 19 етакчи янгиликлар сайтнинг энг машҳур 20 хабари атиги 7,367 миллион реакция тўплаган. 

Авваллари ҳақиқий янгиликлар осонлик билан сохталарини ортда қолдирарди, бироқ сайловлар яқинлашгани сари сохта янгиликлар кескин кўтарилиб кетди - улар жаҳонга машҳур янгиликлар агентликларининг мақолаларидан ўзиб кетди. 

Дармут коллежи сиёсатшунослик профессори Брендан Нихан бу борада шундай дейди: 

"Facebook'нинг сохта маълумотлар билан курашишга бундай кам эътибор қаратиши мени ташвишга солади. Ҳаттоки улар сайловлар натижасига таъсир ўтказмаган бўлса-да, уларнинг қамрови жуда кенглиги барчага аён". 

Таҳлил давомида энг машҳур 20 сохта хабардан 17таси Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтонга бағишланган бўлган. Иккита энг машҳур ўйлаб топилган янгиликда Клинтоннинг ИШИДга қурол сотгани ҳамда Рим папасининг Трампни қўллаб-қувватлагани таъкидланган. Республикачига қарши материаллар атиги 3та бўлган: Майк Пенснинг Мишель Обама ҳақида ўйлаб топган цитатаси, Трампнинг ғалабасидан хавфсираб қочаётган америкаликларни Ираландия қабул қилаётгани ҳақидаги ёлғон маълумот ва Рон Полнинг Трампга оид иқрори ҳақидаги асоссиз хабар. 

Бу маълумотлар ижтимоий тармоқда сайлов олди сохта янгиликларининг нақадар кенг тарқалиши мумкинлигини кўрсатади. Facebook шундоқ ҳам сайлов олди кампанияларига доир сохта янгиликларнинг тарқалиши туфайли танқид остига олинди. Бироқ Марк Цукерберг бундай сохта янгиликларнинг сайловлар якунига таъсир қилишига оид тахминларни "аҳмоқона ғоя", деб атади. 

BuzzFeed News Facebook'да муаммоларни бартараф этиш учун махсус гуруҳ тузилгани ҳақида хабар берган. Ўшанда ходимлардан бири платформада ёлғон хабарлар тарқалганини тасдиқлаган. The Wall Street Journal газетаси эса Google'нинг AdSense'дан сохта янгиликлар сайтларини йўқ қилишини маълум қилган. 

Бу ҳодисаларга - қанчалик кўп сохта янгиликлар чоп этилгани ва бунда Facebook'нинг ўрнини кўрсатиб берган Buzzfeed News тадқиқоти сабаб бўлган. Бундан ташқари, Америка сиёсатига доир 100дан ортиқ сайтларнинг борлиги аниқланган. 

Ending the Fed сайтининг пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ - endingthefed.​com домени жорий йилнинг март ойида регистрациядан ўтган. Шунга қарамай, Buzzfeed News таҳлилига кўра, унинг баъзи сохта мақолалари ўз қамровига кўра, Washington Post ва The New York Times каби нуфузли нашрларни ҳам ортда қолдирган. 

Facebook менежерларидан бирининг сўзига кўра, "компаниянинг кўп ходимлари рўй бераётган воқеаларни катта муаммо деб ҳисоблашади, бироқ, афтидан, раҳбариятнинг бу борадаги фикри бошқача кўринади".

 

Мавзуга оид