15:16 / 22.11.2016
5895

Daimler'нинг ХХРдаги раҳбари хитойликларни ҳақорат қилгани учун истеъфога чиқарилди

Фото: © AP

Хитойдаги Daimler AG автоконцернининг юк автоси бўлими раҳбари Райнер Гертнер мамлакат фуқароларига нисбатан ирқчи изоҳларни қўллагани учун эгаллаб турган лавозимидан четлатилди. Бу ҳақида South China Morning Post хабар берди. 

Манбага кўра, ўтган якшанба Пекиндаги турар-жойлар ёнидаги автомобиллар тураргоҳида Гертнер ва маҳаллий аҳоли вакили ўртасида зиддият юзага келган. Бунга Гертнернинг ўз автомобилини бошқа ҳайдовчи машинасини қўймоқчи бўлган жойга жойлаганлиги сабаб бўлган. Шунингдек Daimler'нинг Хитойдаги юк автоси бўлими раҳбари йиғилганларни ҳайдаш мақсадида қалампир газидан фойдаланганлиги тахмин қилинмоқда. 

Зиддият пайтида Гертнер бир йилдан буён Хитойда яшаши ва мамлакатга келиб, биринчи англагани - "барча хитойликларнинг аблаҳ эканлиги"ни айтган. Можародан кейин полиция вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Гертнер ва ҳайдовчини идорага олиб кетган. Шундан сўнг Daimler'нинг Хитойдаги бўлими компания "бошқарувчини лавозимидан озод қилгани ва юзага келган вазият учун самимий узр сўраши"га оид баёнот билан чиқди. 

Бу воқеа хитойлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди ва улар аҳолини Daimler автоконцерни маҳсулотидан воз кечишга чақиришди. 

Daimler AG — дунёнинг энг йирик автоконцернларидан бири. У 1883 йилда ташкил этилган, 1926 йилда компания Daimler-Benz акционерлик жамиятига айланган. 1998 йилда Американинг Chrysler автомобиль корпорацияси билан қўшилиши натижасида DaimlerChrysler AG компанияси сифатида қайд этилган. 2007 йилда автомобиль гиганти яна Daimler номи билан юритила бошланди. 
 

Top