Ўзбекистон чемпионатининг 2016 йилги мавсуми якунланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 2016 йилги мавсумига расман якун ясалди. Бугун 30 тур доирасида яна 3та учрашув ўтказилди.
Мамлакат чемпионлигини бир тур аввал қўлга киритган Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўзи учун ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда «Бунёдкор»га қарши майдонга чиқди ва бу учрашувда ҳам зафар қучди.
Турнинг яна 1 учрашуви Қашқадарёда ўтказилди.
«Насаф» ўз майдонида «Машъал»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоалари ҳисобидаги очколар сони 63та, тўплар нисбатига кўра «Насаф» юқорида жойлашган бўлсада, турнир қоидасига кўра, ўзаро ўйинлардаги устунлик тошкентликларга турнир жадвалининг иккинчи поғонасида чемпионатни якунлаш имконини берди. «Насаф» ўз тарихида ўнинчи марта бронза медалларига эга чиқди. «Машъал» эса 38 очко билан саккизинчи ўринни банд этди.
Қайд этиш керакки, мазкур ғалаба қаршиликларнинг ўз тарихидаги 330-ғалабаси бўлди.
«Шўртан» сафарда «Бухоро»га 3:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бу ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилган Шавкат Саломов «Бухоро»нинг 1000-голи муаллифига айланди.
«Бухоро» 58 очко жамғарган ҳолда мавсумни кучли тўртликда якунлади, «Шўртан» 38 очкоси билан тўққизинчи ўринда.
Бундан аввалроқ, «Андижон» мавсумни охирги ўринда якунлаб, лигани тарк этгани маълум бўлганди. Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси эса 15-ўринни эгаллаган ва қуйи лиганинг иккинчи ўрин соҳиби билан ўтиш ўйинида беллашади. Бу Наманган вилоятининг бошқа бир вакили «Норин» жамоаси бўлади.
Қуйи лигада биринчи ўринни эгаллаган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси кейинги мавсумни Олий лигада ўтказади.
Ушбу мавсум Олий Лигада дебют қилган Тошкентнинг «Обод» жамоаси сўнгги турларни ишончли тарзда ўтказиб, мусобақада жон сақлаб қолиш вазифасини уддалади.
Аввалги мавсум чемпиони – «Пахтакор» эса ушбу мавсумда 5-ўрин билан кифояланди.
Олий Лига тўпурарлари баҳсида эса «Локомотив» ҳужумчиси – Темурхўжа Абдухолиқов 22 голга муаллифлик қилган ҳолда барча рақибларини ортда қолдирди.
Эндиликда Ўзбекистон кубоги ғолибини аниқлаш қолди.
26 ноябрь куни «Бунёдкор» ва «Локомотив» Ўзбекистон Кубоги ярим финалининг жавоб ўйинида майдонга тушади. «Локомотив» стадионида ўтган биринчи беллашув «темирйўлчилар»нинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунига етганди.
Бу жуфтлик ғолиби Қаршининг «Насаф» клубига рақиб бўлади. Финал 30 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Ўзбекистон Олий Лигаси
30-тур беллашувлари
23 ноябрь, чоршанба
«Бунёдкор» — «Локомотив» 0:1
Гол: Сардор Мирзаев, 75 (0:1).
«Насаф» — «Машъал» 2:0
Голлар: Бобир Абдихолиқов, 20 (1:0). Шароф Муҳитдинов, 77 (2:0).
«Бухоро» — «Шўртан» 3:1
Голлар: Маъруфхон Муродов, 29 (0:1). Азиз Ибрагимов, 30 (1:1). Вадим Чемиртан, 44 (2:1). Шавкат Саломов, 55 (2:1).
Четлатиш: Игорь Таран, 68 (Ш).
Мавзуга оид
08:00 / 09.09.2024
Бунёдкор шоҳкўчасида 27 ёшли ҳайдовчи уриб юборган пиёда вафот этди
13:11 / 02.04.2024
«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон ишида бир неча йиллик келишувга эришилганини эълон қилди
21:00 / 02.03.2024
Яширинча хусусийлаштириш, метан-шохобчадаги воқеа ва ёшларга янги имконият — ҳафта дайжести
14:37 / 27.02.2024