Жаҳон | 20:08 / 24.11.2016
11432
3 дақиқада ўқилади

Назарбоев Остонани ўз шарафига қайта номлаш таклифига муносабат билдирди

Фото: ТАСС

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат пойтахти Остона шаҳрини ўз номи билан қайта аташ таклифига муносабат билдира туриб, буни диққат билан муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у 24 ноябрь куни модернизация жараёнларига бағишланган йиғилиш чоғида маълум қилган.

«Мен барчага, парламентга бизнинг ривожланиш босқичларимиз қайд этилган декларациямиз учун раҳмат айтаман. Бу декларацияда менинг ролим алоҳида қайд этилган. Албатта, инсон сифатида бу мен учун ёқимли», — деган Назарбоев.

Шу билан бирга унинг ўзи Остонага номи қўйилиши таклифига хайрихоҳ эмаслигини қўшимча қилган.

«Барча масала, айниқса, шаҳарлар ва аҳоли турар жойларига қайта ном бериш масаласини диққат билан муҳокама қилиш зарур», - деган президент.

Остонага қайта ном бериш масаласи бўйича таклифга у шундай муносабат билдирган: «Мен буйруқ беришимни билишади. Кеча парламентда пойтахтни менинг номим билан аташ таклифи берилибди. Мен ҳеч кимга бундай гап айтмаганман».

Бир кун олдин парламент депутати Куаниш Султанов Остона шаҳрини Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номлаш таклифини билдирганди. 

«Мамлакат конституциясида биринчи президент — Миллат етакчиси Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг давлатимиз қурилишига қўшган мислсиз ҳиссасини қайд этишни таклиф қиламиз. Ел баси (миллат етакчиси) исми пойтахт ҳамда мамлакатнинг бошқа муҳим объектлари номида акс эттирилсин», — дейилади 16 декабрда нишонланадиган Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллиги декларацияси лойиҳасида. Султановнинг таклифи бошқа депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 25 йилдан буён бошқариб келмоқда. У президент бўлишидан олдин республика компартияси марказий кенгашининг бош котиби бўлган. Айни вақтда унинг тўртинчи президентлик муддати ўтмоқда. Назарбоев «миллат етакчиси» мақомига эга бўлиб, бу унинг оиласи жиноий текширувлардан дахлсиз бўлишини кафолатлайди.

Шаҳарга 1998 йилда Остона номи берилган, шаҳар номи унгача Оқмола бўлган. Шаҳарнинг ундан олдинги номлари эса Целиноград ва Акмолинск эди. Шаҳарни бундан аввал ҳам Назарбоев номи билан аташ таклиф этилган, аммо президент бу таклифни қўллаб-қувватламаганди.

Мавзуга оид