12:09 / 27.11.2016
11306

Архивдаги “ўйин”

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари фуқаролардан келиб тушган аризага асосан ўтказилган тадбирда бевосита хизмат вазифасини бажариш учун пора олган Алибек Муллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда унга воситачилик қилган Каримжон Расуловни қўлга олди, деб ёзади “Ҳуқуқ” нашри.

А.Муллаев 2015 йил бошида Давлат архиви Марғилон шаҳар бўлими директори лавозимига тайинланган. К.Расулов эса Қўштепа туманидаги собиқ ширкат хўжаликларидан бирида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган, ширкат хўжалиги тугатиш комиссиясининг аъзоси сифатида архивга тез-тез қатнаб турган чоғларида А.Муллаев билан танишиб қолганди.

К.Расулов шу йил март ойининг ўрталарида архивга ўз иши билан боради ва фарғоналик таниши С.Тошқулов билан кўришади. Таниши кадастр ҳужжатларини тайёрлатмоқчи бўлиб, Фарғона шаҳрининг Бешбола маҳалласида яшовчи фуқароларнинг ҳовли уйларига ер ажратиб берилгани хусусидаги қарорлар архивдан чиқмаётганини, улардан кўчирма олишолмаётганини айтади. К.Расулов “Архив директори оғайним, ишларингни ҳал қилишга ёрдам беришим мумкин. Аммо ҳар бир фуқаро хизмат ҳақига бир млн. сўмдан бериши керак”, дейди. С.Тошқулов икки нафар фуқаронинг ҳужжатларига қўшиб, 300 АҚШ доллари келтириб беради. К.Расулов пулларни архив бўлими директори А.Муллаевга бериб қўяди. Бир неча кун ўтиб, С.Тошқулов яна уч нафар фуқаронинг паспортлари нусхалари ва яна 400 АҚШ доллари олиб келиб беради. К.Расулов бу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлайди.

Орада С.Тошқулов Фарғона шаҳрига туташ собиқ боғдорчилик ширкат хўжалигидан ер олиб уй қурган фуқароларга ҳам қарордан кўчирмалар тайёрлаб беришни сўрайди. “Иштаҳаси карнай” бўлиб бораётган К.Расулов ўн олти нафар фуқаронинг уй-жойига чиқарилган қарорлардан кўчирма нусха олиб бериш учун архив директорига 300 доллардан – жами 4800 АҚШ доллари келтириб беришни талаб қилади. Ундан аввалги, бешболалик фуқароларнинг уй-жойларига қарорлардан кўчирмаларни ҳам ҳанузгача ололмаган С.Тошқулов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади. Сўнг К.Расулов билан телефонда боғланиб, Ёзёвонда кўришади. Унга махсус ишлов берилган 4800 АҚШ доллари, фуқароларнинг паспорт нусхаларини беради. Жиноят устида ушланган К.Расулов ушбу пулларни архив директорига бериш учун олганини айтиб, ихтиёрий равишда тадбирда иштирок этади. Директор билан телефонда боғланади. Келишилган жойда ундан пулларни олган А.Муллаев ҳам жиноят устида ушланади.

Суд ҳукми билан А.Муллаев ҳамда пора олишида воситачилик қилган К.Расуловга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Top