22:19 / 04.12.2016
6399

Қозоғистон делегацияси Зангиота мажмуасини зиёрат қилди

Фото: uza.uz

Ўзбекистонга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу муносабат билан Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” божхона постида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Турдиқулов ва бошқалар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари йилдан-йилга ривожланиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар юксалиб бораётганини таъкидлади.

Делегация аъзолари дастлаб пойтахт Тошкентда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ҳазрати Имом жомеъ масжиди билан танишди. Шундан сўнг меҳмонлар Тошкент ислом университетида бўлди.

Делегация аъзолари XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур ташаббуси билан бунёд этилган, кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан қурилиши якунига етказилган Зангиота мажмуасини зиёрат қилди.

Меҳмонлар Зангиота туманидаги “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, жумладан, қишлоқ аҳли учун намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий уй-жойлар билан танишди.

Уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосида 180 уй-жой барпо этилган. Янги уйлар табиий газ, ичимлик суви билан таъминланган, алоҳида канализация қудуғи ҳамда иситиш тизимига эга. Кўчалар кенг, йўл четларига мевали ва манзарали дарахтлар экилган. Меҳмонлар маҳалладаги оталар чойхонаси – гузар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар спорт майдончалари ва стадион фаолиятига юксак баҳо берди.
Қозоғистон Республикаси делегациясининг ташрифи самимий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари ривожидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.


 

Top