Жамият | 12:10 / 06.12.2016
3921
2 дақиқада ўқилади

Франция бош вазири истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилди

Фото: Reuters

Франция бош вазири Мануэль Вальс сешанба, 6 декабрь куни ўз лавозимини тарк этиши ҳақида маълум қилди. У президентлик учун курашмоқчи. Шунингдек, унинг вазирлар маҳкамаси ҳам истеъфога чиқади, деб хабар бермоқда Reuters.

Вальснинг аниқлик киритишича, у ҳукмрон Социалистик партиянинг 2017 йил 22 ва 29 январь куни бўлиб ўтадиган праймериздан аввалги сайлов кампаниясига бор эътиборини қаратади.

BFMTV маълумотига кўра, Вальс номзодини президент сайловларига қўйиш қарори давлатнинг амалдаги раҳбари Франсуа Олланд кампанияда иштирок этишдан бош тортгач рўй берган. Франция етакчиси ўз қарорини сўл кучларни парчаламаслик ва ягона кучли номзодни илгари суриш лозимлиги билан изоҳлади.

Жамоат фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган барча сўровлар эса Олланд ҳам, Социалистик партиядан бўлган бошқа исталган номзод ҳам президентлик сайловларининг иккинчи турига ўта олмаслигини кўрсатиб берди. Афтидан давлат раҳбари лавозими учун “Республикачилар” партияси праймеризида ғалаба қозонган Франсуа Фийон ва “Миллий фронт” етакчиси Марин Ле Пен ўзаро рақобатга киришади.

Маълумот учун, Франциядаги президентлик сайловлари 2017 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилади.
 

Мавзуга оид