Жаҳон | 12:12 / 06.12.2016
8602
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Хитой БМТ ХКда Ҳалаб бўйича резолюцияни тўсиб қўйишди

Фото: Globallookpress.com

Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашида (ХК) Суриянинг Ҳалаб шаҳрида вақтинчалик сулҳни кўзда тутган резолюция лойиҳасига вето қўйишди. 

Ҳужжатга Венесуэла ҳам қарши чиққан бўлиб, “ҳа” жавобини ёқлаб ХКнинг 11 аъзоси овоз берган. Улар ичида АҚШ, Буюк Британия ва Франция бор. Ангола эса бетараф қолди.

Резолюция лойиҳаси ҳарбий ҳаракат иштирокчилари “кишиларнинг ўлимига ёки жароҳат олишига олиб келиши ёки фуқаролик объектларига зарар келтириш эҳтимоли бўлган барча ҳужумларни тезлик билан ва бутунлай тўхтатиш”ни кўзда тутади. Шунингдек, БМТ ХК рўйхатига киритилган террорчилик гуруҳлари Ҳалабнинг шарқий қисмини тарк этишга мажбурлиги ҳам белгилаб қўйилган. Ҳужжатда ҳарбий ҳаракатларда доимий 48-соатлик танаффусни жорий этиш ҳам таклиф қилинди.

Овоз бериш жараёнидан аввал РФнинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин Янги Зеландия, Испания ва Миср томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳасини тўсқиб қўйишни ваъда қилди.

Аввалроқ, россиялик сиёсатчи ҳужжатни кўриб чиқишни россиялик ва америкалик мутахассисларнинг учрашувига қадар қолдиришни таклиф қилган. Унинг таъкидлашича, РФ ТИВ Сергей Лавровнинг АҚШ давлат котиби Жон Керри билан Римдаги учрашувида Шарқий Ҳалаб бўйича режани ишлаб чиқишга келишиб олинган. 
 

Мавзуга оид