Ўзбекистон | 11:49 / 06.12.2016
172863
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон раҳбарлари: кеча ва бугун

Фото: shosh.uz

Куни-кеча мустақил Ўзбекистоннинг иккинчи президенти сайланди. 4 декабрда бўлиб ўтган президент сайловида ўзбек халқи ўз хоҳиш-иродасини ифода этиб, давлатнинг янги раҳбарини сайлади. 

Бу кунгача бўлиб ўтган тарихда Ўзбекистонда кимлар раҳбар бўлганидан хабардормисиз? Kun.uz томонидан тайёрланган махсус мақола сизга ана шундай маълумотларни тақдим этади.

1. Файзулла Убайдуллаевич Хўжаев (1896-1938) 

Атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Бухоро жадидчилигининг фаол иштирокчиси, "Ёш бухороликлар” партиясининг раҳбарларидан бири. Бухоро Халқ Совет Республикасининг Нозирлар Кенгаши раиси.

Ўзбекистон ССР номидан СССР Марказий Ижроя Қўмитаси Раиси (1925-1937), Бухоро Халқ Совет Республикаси Халқ Нозирлар Кенгаши Раиси (1920-1924), Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети Раиси (1924-1937).

2. Акмал Икромович Икромов (1898-1938)

Давлат ва сиёсат арбоби. Ўзбекистон ҳукумат раҳбарларидан бири. Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг Бош котиби (1929-1937).

3. Йўлдош Охунбобоевич Охунбобоев (1885-1943)

Давлат ва жамоат арбоби. Марғилондаги пахта тозалаш заводида ишчи (1901-04), Ўзганда батраклик қилган (1904-14). 1916 йил халқ қўзғолони қатнашчиси. 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейин Марғилон атрофида ташкил қилинган дастлабки қишлоқ шўроси, Марғилон уездидаги «Қўшчи» иттифоқи раиси (1919-21). Ўзбекистон ССР МИК раиси (1925- 38), Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси (1938- 43).

4. Усмон Юсупович Юсупов (1900-1966).

Давлат ва сиёсат арбоби. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Бош Котиби (1937-1950), Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раиси (1953-1954), СССР Пахтачилик вазири (1950-1953), Ўзбекистон ССР Олий Совети Раиси (1938-?), Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси (1953—1954).

5. Амин Эрматович Ниёзов (1903-1973)

Давлат ва сиёсат арбоби. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган бинокор (1973). 1920-30 йилларда совет органларида ишлади. Москвадаги Саноат академиясида ўқиди (1930-34). 1940 йил Ўзбекистон Коммунистлар партияси Марказий Кенгашининг қурилиш бўлими мудири. 1940-46 йилларда республика Молия халқ комиссари, 1946-47 йилларда Ўзбекистон Министрлар Совети раиси ўринбосари. 1947-50 йилларда Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, 1950-55 йилларда Ўзбекистон Коммунистлар партияси Марказий кенгашининг II котиби. Ўзбекистон Коммунал хўжалик министри, Министрлар Совети Газ ва коммунал хўжалик Бош бошқармасининг бошлиғи (1956-60).

6. Нуриддин Акромович Муҳитдинов (1917-2008)

Давлат ва сиёсат арбоби, дипломат. Москвадаги савдо-кооператив институтини тугатиб (1938), турли лавозимларда ишлади. 2-жаҳон уруши қатнашчиси. 1946-йилдан унинг сиёсий фаолияти бошланди. Наманган вилоят партия қўмитаси котиби ва 1-котиби (1947-50), Ўзбекистон Компартияси МК котиби (1950-51), Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси (1951-53, 1954-55), Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири (1953-54), Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби (1955-57), КПСС МК котиби (1957-61). КПСС МК Президиуми аъзолигига номзод (1956-57), аъзо (1957-61). СССР Министрлар Совети Хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар комитети раисининг 1-ўринбосари (1966-68), СССРнинг Суриядаги элчиси (1968-77), СССР савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари (1977-85), Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг маслаҳатчиси (1986-87), “Ёдгорлик” тарихий маданий мерос жамияти раиси (1987-96), “Олтин мерос” Халқаро хайрия жамғармаси бош маслаҳатчиси (1996 йилдан).

7. Собир Камолович Камолов (1910-1990)

Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Биринчи котиби (1957-1959)

8. Шароф Рашидович Рашидов (1917-1983)

Давлат арбоби, ўзбек ёзувчиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1974), Ўзбекистон ССР Компартияси МҚнинг Биринчи Котиби (11-си, 1959-1983), Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми Раиси (4-си, 1950-1959)

9. Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев (1930 й.да туғ.)

Партия арбоби. Ўрта Осиё политехника институтининг архитектура факультетини тугатган (1955). Марғилон шаҳри бош меъмори (1959), Фарғона вилояти партия комитети инструктори (1960), Фарғона вилояти ижроия қўмитаси бошқарма бошлиғи (1961), Фарғона шаҳри ижроия қўмитаси раиси (1962-64), Сирдарё вилояти партия комитети котиби (1965-69), КПСС МК инструктори (1969-72), Наманган вилояти ижроия қўмитаси раиси (1972-74), Андижон вилояти партия комитети 1-котиби (1974-78), Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси (1978-83). Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби (1983-88).

И. Усмонхўжаев республикага раҳбарлик қилган йилларда сиёсий ва иқтисодий вазият ёмонлашди, у қатъиятсизлиги ва журъатсизлиги туфайли Марказнинг тазйиқига дош бера олмай, 1984-88-йилларда Ўзбекистоннинг кўплаб хўжалик ва партия арбобларини “пахта иши” ва “ўзбеклар иши” деган сохта сиёсий айбловлар натижасида қатағон қилинишига, халқнинг миллий ғурури ва қадриятлари камситилишига йўл қўйиб берди.

10. Рафиқ Нишонович Нишонов (1926 й.да туғ.)

Сиёсат ва жамоат арбоби. 1951 йилдан туман партия комитети котиби, Тошкент шаҳри партия комитети бўлим мудири, Тошкент шаҳри ижроия қўмитаси раиси. Ўзбекистон КП МК котиби (1963-70). 1970 йилдан Шри Ланка Республикаси ва Мальдив Республикасида СССРнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси, СССРнинг Иорданиядаги элчиси. Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири (1985-86). Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси (1986-88). Ўзбекистон КП МК 1 котиби (1988-89), СССР Олий Совети Миллатлар Советининг раиси (1989-91). 

Рафиқ Нишонович Нишонов республикага раҳбарлик қилган йилларда қатъиятсизлиги, узоқни кўра билмагани туфайли Марказнинг Ўзбекистонга нисбатан ғаразли сиёсати ва қатағонлари давом этди, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт оғирлашди, миллатлараро адоватлар кучайди, республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилиши бўйича волюнтаристик қарорлар қабул қилинди.

11. Ислом Абдуғаниевич Каримов (1938-2016)

Давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти. (1991-2016). Ўзбекистон Қаҳрамони (1994). Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони ва 2007 йилги президентлик сайловлари ҳамда 2015 йилги президентлик сайловлари ғолиби.
Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингунга қадар ЎзССР коммунистик партияси биринчи котиби.
Ислом Каримов бошчилигида Ўзбекистон ўзининг Конституциясига эга бўлди, БМТда тан олинди ва иқтисодиёти бошқа МДҲдавлатларига нисбатан барқарор ривожланди.

12. Шавкат Миромонович Мирзиёев

1957 йилнинг 24 июль куни Жиззахда туғилган. 1981 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини битирган. Институтнинг комсомол ташкилоти котиби бўлиб ишлаган, кейинчалик партия ташкилоти котиби ва проректор лавозимларида ишлаган. 1992 йилда проректорликдан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани (собиқ Куйбишев тумани) ҳокимлигига кўтарилган (1996 йилгача).
Жиззах вилояти ҳокими (1996 йил сентябрь - 2001 йил сентябрь).
Самарқанд вилояти ҳокими (2001 йил 11 сентябрдан 2003 йил 11 декабргача).
Жиззах вилояти Бахмал тумани 67-округидан 2-чақириқ (1999-2004) Олий Мажлис депутати.
2003 йил 11 декабрдан Ўзбекистон Бош вазири. 2005 йил 28 январдаги янги чақирилган Олий Мажлисда қайта тайинланган.
2005 йил 4 февралдан — Бош вазир, агросаноат мажмуаси раҳбари
2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 16 сентябрда президентликка номзоди тасдиқланди. 4 декабрьда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланди.

 

Мавзуга оид