Жаҳон | 08:29 / 07.12.2016
4391
2 дақиқада ўқилади

Hürriyet: Греция суди Туркияга 3 ҳарбийни топширишга рухсат берди

Фото: © AP

Греция суди Туркиядан 15 июлдаги давлат тўнтарувига уринишдан кейин Грецияга қочган ва у ерда бошпана сўраган 3 нафар турк ҳарбийсини Туркияга топширишга қарор қилди. Бу ҳақда Hürriyet нашри хабар бермоқда

Суд ҳарбийлар уларга нисбатан турк ҳукумати қўяётган айбловлар бўйича суд олдида жавоб беришлари учун Туркияга топширилишлари лозимлигига қарор қилди. Ҳарбийлар адвокатининг айтишича, улар бу қарор юзасидан юқори инстанциядаги судга шикоят қилишган.

Ҳарбийларнинг экстрадиция қилиниши ҳақидаги қарор Греция суди ҳарбийларни Анқарага бермасликқа қарор қилганининг эртасига қабул қилинди.

16 июлда 8 нафар турк ҳарбийси давлат тўнтарувига уриниш барбод бўлгандан кейин Грецияга вертолётда учиб келган. Улар SOS сигналини бериб, зудлик билан қўнишни сўрашган. Ҳарбийлар тўнтарувга алоқалари борлигини инкор қилишмоқда. Улар Греция ҳудудига ноқонуний киришгани учун 2 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинишган, бироқ суд ҳукмни шартли жазога ўзгартирган.

Июлда Греция иммиграция бошқармаси 7 турк ҳарбийсининг бошпана тақдим қилиш ҳақидаги мурожаатини рад этган, 8-ҳарбийнинг мурожаати эса ҳали кўриб чиқилмоқда. Августда Туркия Греция ҳукуматидан ҳарбийларни экстрадиция қилишни сўраган.

 

Мавзуга оид