23:12 / 11.12.2016
17234

Сурия ҳукумати Пальмира қўлдан кетганини тан олди

Сурия ҳукумати армияси ИШИД жангарилари сиқуви остида Пальмира шаҳрини тарк этди. Reuters агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Ҳомс вилояти губернатори Талал Барозий "Ал-Ихбария" телеканалида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар яқин вақт ичида шаҳар устидан назоратни қайтадан қўлга киритиш учун қайтади. У ҳукумат қўшинлари чекиниб, Пальмира атрофида ўрнашганини айтган.

«Армия террорчилар Пальмирани ушлаб қола олмаслиги учун қўлидан келган ишни қилмоқда», — деди Барозий.

«Интерфакс» агентлиги Суриядаги Томонларни яраштириш марказидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Пальмирага жангариларнинг 4 минг кишилик қўшини ёпирилган.

«Жангарилар катта қурбонлар ва талофат бериш эвазига шаҳар ичкарисига жойлашиб олмоқда. Россия авиацияси Пальмирадаги тинч аҳоли вакилларига зарар етказмаслик учун бу ҳужумга қарши амалиёт ўтказа олмади», — дейилган хабарда.

11 декабрь куни аввалида террорчилар Суриянинг Тадмор шаҳрини эгаллагани ва Пальмирага ҳар томондан ҳужум қилаётгани маълум бўлганди.

Россия Мудофаа вазирлиги жангарилар ҳужумига қарши амалиётлар давомида 300 нафар жангари ўлдирилгани ҳақида хабар берганди.

Top