12:47 / 13.12.2016
8623

Ака-ука фирибгарлар озодликдан маҳрум этилди

Фото: Huffingtonpost.com

Одилбек Обидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам икки марта судланиб, ҳаётнинг аччиқ сабоқларидан хулоса чиқармади. Аксинча, жиноятчиликнинг қоронғу кўчаларига ўз жигари, укаси Оғабекни ҳам етаклади. Шофиркон тумани Мирзоқул қишлоқ фуқаролар йиғинида рўйхатда туриб, Зангиота туманида истиқомат қилаётган ака-укалар товламачилик, фирибгарлик кун келиб юзларини қора қилиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, киракашлик қилиб юрган Оғабекнинг машинасига чиққан қашқадарёлик Муҳаммад Абулов улфат одам чиқиб қолди. Йўл устидаги ошхонага кириб тушлик қилишди. Дастурхон бошида, спиртли ичимлик таъсирида оға-ини ҳам тутинишди. Бу ишончни суиистеъмол қилган Оғабек “мижоз”нинг чўнтагидан 600 минг сўмлик қўл телефони, 4 миллион 800 минг сўм нақд пулга қўшиб, унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам яширин равишда ўмарди.

Қилмиши ҳақида акасига мақтаниб гапирган Оғабек Одилов навбатдаги жиноятга қўл урди. У М.Абуловга тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига ўзининг фотосуратини елимлаб, ҳатто исм-фамилиясини ҳам ёзиб қўйди. Ушбу қалбаки ҳужжат билан Тошкент кўчаларида “Spark”ни бошқариб юраверди.

Ака-укалар қармоғига илинган Маҳзуна эса боши берк кўчага кирганини англаб етганида анча кеч бўлган эди. 2015 йил ноябрь ойларида Одилбек Обидов гўё Маҳзуна Тўраева билан бир тўшакда бўлган пайтидаги фотосуратлари борлигини, бу суратларни унинг оила аъзоларига ва интернет тармоғи орқали тарқатиши мумкинлигини айтиб, аёлдан пул талаб қилади. Улар шу тариқа М.Тўраева учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни тарқатиш билан қўрқитиб, қабиҳ ниятни товламачилик орқали амалга оширишади.

Аёллик шаъни, ор-номуси топталишини ўйлаган М.Тўраева ака-укага 2016 йил март ойи ўрталарида 3000 АҚШ доллари ва 600 минг сўм пулларни беради. Орадан озроқ вақт ўтиб М.Тўраевадан яна 1000 АҚШ долларини қўлга киритган товламачи ака-укалар узоққа бора олмадилар.

Суд ҳукмига кўра, Одил Обидов 8 йилга, Оғабек Одилов эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.

Top