19:59 / 14.12.2016
11827

Кимёвий даволаш муолажасида сочларни тўкишдан асровчи дубулға яратилди

Кимёвий даволаш муолажалари ҳозирга келиб, онкологик касалликлар билан курашишда энг асосий воситалардан бири ҳисобланади. Хусусан, мазкур муолажа натижасида беморларнинг сочлари тўкилмоқда. Бейлор тиббиёт коллежи мутахассислари яқинда сочларнинг тўкилишини камайтиришда ёрдам берадиган махсус дубулға ўйлаб топишди. Уни ишлаб чиқариш учун у қадар кўп маблағ ҳам сарфланмайди. Hi-News нашри шу ҳақида хабар берди. 

Тадқиқот муаллифи - доктор Жули Рани Нангия. Янги технологияни синовдан ўтказишда 235 нафар аёл иштирок этди. Уларнинг ҳар бири кимёвий даволаш муолажасининг 4 босқичини бошидан ўтказган. Совутувчи дубулғадан фойдаланиш тадқиқотда қатнашган аёлларнинг ярмига ёрдам берди. 

Бош терисини совутиш ҳақиқатдан сочларнинг тўкилишини олдини олишда ёрдам беришини аниқлаш учун тадқиқотчилар иштирокчиларни икки гуруҳга бўлишди. Аёлларнинг 2/3 қисми кимёвий муолажа бошланишидан ярим соат аввал бош терисини 17 даражага совутувчи дубулғани кийиб, муолажа тугалланганидан 90 дақиқа ўтиб уни ечишган. Тадқиқотнинг қолган 1/3 қатнашчиси эса умуман дубулғадан фойдаланмаган. Натижада биринчи гуруҳдаги беморларнинг 50,5 фоизида соч тўкилишнинг олди олинган. Иккинчи гуруҳ аёллари эса сочидан буткул айрилган. 

Манбага кўра, янги дубулға нархи тахминан 1000 долларни ташкил қилади. 

 

Top